Конигилга хуш келибсиз! Самарқандда ташкил этиладиган туризм қишлоғининг имкониятлари

Самарқанд шаҳри яқинидаги Конигилда ноёб туризм қишлоғи бунёд этилади

ФОТО: Kach Howe / mrandmrshowe.com

Самарқанд шаҳри азалдан сайёҳларни ўзининг қадимий обидалари билан жалб қилиб келган. Ушбу анъаналар бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Яқинда қўҳна шаҳар яқинидаги Конигилда ноёб туризм қишлоғи меҳмонлар учун ўз эшикларини очади.

Конигил – бу ном узоқ вақтлардан буён самарқандликлар ва шаҳар меҳмонлари учун бу ерда ишлаб чиқариладиган машҳур ипак қоғози билан уйғунлашиб келган. Айнан шу ерда тарихи бир неча асрга бориб етадиган ипак қоғозини ишлаб чиқариш ишлари йўлга қўйилган. Энди эса бу ерда сайёҳларни жалб қилиш ишларининг навбатдаги босқичи – туризм қишлоғини ташкил этиш ишлари йўлга қўйилади. 

Самарқанд шаҳридан 13 км узоқликда М-39 трассаси бўйида хушманзара ҳудудда жойлашган Конигилда намунавий типдаги туризм қишлоғини ташкил этиш борасидаги ишлар тўлиқ давом этмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот-хизмати хабар берди.

Бу ер жуда хушманзара бўлиб, бундай гўзаллик қишлоқ бўйлаб оқиб ўтувчи Сиёб каналининг сувлари билан ювилади. Шаҳар сув тармоқларида кенг қўламдаги тозалаш ва таъмирлаш ишлари олиб борилганидан сўнг бу ерда тиниқ оби-ҳаёт оқаётганлигига гувоҳ бўласиз. Мусаффо сув ва тоза ҳаво ҳамоҳанглигидаги табиатнинг такрорланмас сеҳри ва жилоси барчага манзур бўлишига шубҳа йўқ.

Конигил туризм қишлоғини ташкил этиш ғоясига кўра, 3 гектар ҳудудда узунлиги 800 метр бўлган айланма йўл барпо этилади. Натижада сайёҳлар Сиёб канали бўйлаб сайр қилишлари ва табиат қўйнида дам олиш имкониятига эга бўлишади. Канал бўйида пиёдалар сайр қилишлари учун йўлаклар ҳамда кўприкчалар қурилади.

Бу ерда маҳаллий анъана ва удумларни ўзида акс эттирувчи оилавий меҳмон уйлари, янги ҳунармандчилик марказлари бунёд этилади. Шунингдек, сайёҳликнинг этнотуризм, агротуризм, гастротуризм ва бошқа турларини ривожлантириш борасида шароитлар яратилади. Конигил қишлоғида яшовчи маҳаллий аҳоли ҳам сайёҳлик ишларига кенг жалб этилади. Уларга ўз бизнесларини очиш учун имкониятлар яратилиб берилади. Бу ерда истиқомат қилувчи 38 хонадонга оилавий меҳмон уйлари, чойхоналар, шарқона ширинликлар тайёрлаш цехлари, миллий таомлар, новвойхоналар ҳамда ҳунармандчилик устахоналарини ташкил қилиш ва ривожлантириш учун кредит олиш учун ёрдам бериш белгиланган.

Шуни таъкидлаш жоизки, «Konigil house» дея ном олган оилавий меҳмон уйи бу ерда ўз фаолиятини бошлаган дастлабки масканга айланди. Бундан ташқари, мазкур ҳудудда бутун дунёга машҳур Самарқанд нонларини тайёрлаш бўйича мастер-класслар ўтказилади ва унда бу ерга ташриф буюрувчиларга нон ёпишнинг сирлари намойиш этилади.

Ҳудудда шунингдек, кулолчилик буюмларини ишлаб чиқариш маркази ҳам ўз ишини бошлади. Гуруч тегирмони жойлашган бинода эса миллийлик сақланиб қолган ҳолда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Тегирмоннинг тарихий кўриниши тиклангандан сўнг ташриф буюрувчиларга гуручдан ўзбек ошхонасининг асосий таоми - паловни тайёрлаш жараёни ҳам намойиш этилади. Анъанавий ипак қоғозини тайёрлаш жараёнларидан ташқари сайёҳлар турли ҳунармандчилик махсулотлари, жумладан кулолчилик буюмларининг тайёрланиш сирларидан ҳам воқиф бўлишади.

Бунёдкорлик ишларида миллий анъаналар сақланиб қолинади. Ён атрофдаги ҳудудлар ободонлаштирилади. Йўллар таъмирланади, мавжуд электр тармоқларини янгилаш ҳамда мобил алоқа сифатини яхшилаш ва Wi-Fi зоналарини ташкил этиш ишлари олиб борилади. Лойиҳа амалга оширилиши билан бирга «устоз-шогирд» тизими бўйича кўплаб янги иш ўринлари яратилади.

Барча қурилиш ишлари август ойида ниҳоясига етиши режалаштирилган. Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, Конигил туризм қишлоғи яқин келажакда самарқандликлар ва шаҳар меҳмонлари учун энг яхши дам олиш масканларидан бирига айланади.

Шу билан биргаликда таъкидлаш жоизки, ушбу ойда Самарқанд вилоятининг Оқбўйро маҳалласи ҳудудида ҳам янги экотуризм зонаси пайдо бўлади. Бундай сайёҳлик ҳудудининг ташкил этилиши Ўзбекистон халқи ва меҳмонларига очиқ табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, сув ҳавзаларида чўмилиш, отда юриш ҳамда шарқона тансиқ таомлардан баҳра олиш имкониятини бериш мақсадларига қаратилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 млрд сўмдан ортиқ маблағни ташкил этади.

stv.uz ва samcity.uz маълумотлари асосида тайёрланди

 

 

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
287 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить