Миллий статистика тизимини ривожлантириш – ислоҳотлар самарадорлиги гарови

Давлат ва жамият бошқарувида қарорлар қабул қилиш жараёнларини миқдорий ва сифатли кўрсаткичлар билан таъминлашда статистика тизимининг аҳамияти ва ўрни беқиёс

ФОТО: Stephen Dawson / Unsplash

Бундан ташқари, Парламент назоратини самарали амалга ошириш, қонун ҳужжатларини қабул қилишда ҳам статистик маълумотларга таянилади.

Иқтисодиётнинг рақамли трансформациялашуви шароитида статистика давлат, жамият ва бизнесни объектив, ишончли ҳамда шаффоф маълумотлар билан таъминловчи умуммиллий манба сифатида шаклланиши кун тартибида энг долзарб масала сифатида турибди.

Бугунги кунда, статистик маълумотлардан жамиятнинг барча аъзолари тўлиқ ва чекловларсиз фойдаланиши, статистиканинг ижтимоий неъмат сифатида шаклланиши учун маълумотларнинг очиқ ва ишончли бўлишига талаб тобора кучайиб бормоқда.

Мазкур йўналишдаги хорижий тажрибага назар соладиган бўлсак, хусусан, Буюк Британия Миллий инфратузилмани ривожлантириш комиссиясининг 2017 йилдаги ҳисоботида (NIC, 2017) статистика Миллий инфратузилманинг муҳим элементи, амалга оширилаётган сиёсатнинг самарадорлигини таъминлашда ва унинг натижаларини баҳолашда хизмат қилувчи ижтимоий неъмат эканлиги қайд этилган.

Европа Иттифоқининг Статистика бюроси хулосаларига асосан (Eurostat, 2018; Baldacci et al., 2016) халқаро миқёсда катта массив маълумотларга (Big data) бўлган талаб кескин ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда ҳам сўнгги уч йилда статистика тизимини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 31 июлдаги ПҚ-3165-сон ва «Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2019 йил 9 апрелдаги ПҚ-4273-сон қарорлари қабул қилинган.

Натижада, статистика тизимида бир қатор ижобий ўзгаришларга эришилди.

Жумладан:

- инфляцияни ҳисоблаш усули халқаро стандартларга мослаштирилиб, кузатувдаги товарлар таркиби 2016 йилдаги 334 тадан 2020 йилга 510 тага кенгайтирилди;

- олтин захираси, табиий бойликлар, Давлат бюджети ва ташқи қарз ҳақидаги маълумотлар очиқ эълон қилинмоқда;

- Жаҳон банкининг статистика салоҳияти индексида Ўзбекистон кўрсаткичи 2018 йилда 54,4 баллдан 64,4 баллгача кўтарилди;

- Халқаро валюта жамғармасининг Маълумотларни тарқатиш умумий тизими доирасида ахборот алмашинуви йўлга қўйилди;

- Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «UN Comtrade» халқаро ташқи савдоси ахборотлар базасига қўшилиши таъминланди.

Шу билан бирга, соҳада ахборотларнинг умумий фойдаланиш учун очиқлик ҳолати, очиқ маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражаси, уларни фуқароларга ва жаҳон ҳамжамиятига етказишнинг амалдаги механизмлари қабул қилинган халқаро талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги каби бир қатор муаммоларнинг мавжудлиги мамлакатимизнинг статистика салоҳияти индексидаги ўрни пастлигига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, Жаҳон банкининг статистика салоҳияти индексида Ўзбекистон кўрсаткичи сўнгги икки йилда 10 баллга кўтарилиб 64,4 баллни ташкил этган бўлсада, даромадлари ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар (73,3 балл) ва даромадлари ўртачадан паст бўлган мамлакатларнинг (71,7 балл) мазкур кўрсаткичларидан анча паст. 

Халқаро меҳнат ташкилоти индикаторларининг 80% фоизи, Озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) – 64%, ЮНEСКОнинг таълим бўйича миллий статистика базасида – 48%, Халқаро энергетика агентлигининг – 43% бўйича бизда тармоқ статистикаси юритилмай келинмоқда.

Статистика тизимидаги ушбу муаммоларни бартараф этиш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда, мамлакатимиз нуфузи ва инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлашда, жаҳон ҳамжамияти олдида ривожланишнинг очиқлик принципларини намойиш этишда асосий восита сифатида намоён бўлади.

Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, «Статистика тизими қанчалик ҳаққоний ва очиқ бўлса, амалга ошираётган ислоҳотларимиз шунчалик тўғри ва натижадор бўлади».

Шунинг учун 1 июнь куни Президент томонидан Миллий статистика соҳасини такомиллаштиришга бағишланган йиғилишда соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Хусусан:

• Тармоқлар статистикасини тўлиқ шакллантириш, уларни ягона халқаро статистика тизими билан уйғунлаштириш мақсадида йил якунига қадар ишсизликни аниқлашни Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларига тўлиқ мослаштириб, сўров ўтказиш тартибини такомиллаштириш ва қамровни кенгайтириш;

• Мамлакатимизда тиббий суғуртани жорий қилишнинг асосий омилларидан бири бўлган соғлиқни сақлаш соҳасида касалликни даволаш харажатларини аниқлашнинг халқаро ҳисоб тизимини жорий этиш;

• Энергия самарадорлигини ҳисоблаш услуби ва энергия истеъмоли балансини такомиллаштириш;

• Таълим, қишлоқ хўжалиги, ташқи савдо, транспорт, қурилиш, экология, туризм ва бошқа хизмат кўрсатиш тармоқлари статистикасини халқаро стандартларга мос равишда мувофиқлаштириш;

• Халқаро маълумот базаларида иқтисодиётимиз тармоқ кўрсаткичларини тўлиқ акс эттириш ва меҳнат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим каби соҳалар бўйича халқаро базаларда Ўзбекистон ҳақидаги кўрсаткичларни тўлиқ кўрсатилишини таъминлаш белгиланди.

Статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича статистик кузатув маълумотларининг ярми қоғоз шаклида тўпланиши ва маълумотларни таҳлил қилишда бундан 20 йил олдинги дастурий таъминотдан фойдаланилиб келинаётгани таъкидланди. Эскича иш услубидан воз кечиб, статистика, солиқ, меҳнат, молия соҳаларида статистик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашнинг интеграциялашган тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда статистик маълумотларни шакллантирувчи 32 та давлат идораларининг 7 тасида махсус бўлимлар мавжудлиги, шу билан бирга 30 дан ортиқ давлат идораларининг соҳадаги фаолияти мувофиқлаштирилмай келинаётганлигига изоҳ бериб ўтилди. Ушбу идораларда статистик кўрсаткичларнинг 40% шакллантирилиши, бироқ, уларнинг иш жараёнларида тармоқлар ва қуйи бўғинлар билан ўзаро узвийликнинг йўқлиги, шакллантирилган маълумотлар базаларининг ўзаро уйғунлашмаганлиги каби муаммолар белгилаб ўтилди.

Чет эл тажрибасига назар соладиган бўлсак, АҚШ, Германия ва Ҳиндистон каби иқтисодиёти ривожланган ёки ривожланаётган мамлакатларнинг статистика тизими бир неча алоҳида мустақил органлардан ташкил топган. Ушбу органлар фаолияти ўзаро узвийликда ва уйғунликда амалга оширилиб ягона тизимни ташкил этади.

Мисол учун, АҚШда Соғлиқни сақлаш статистикаси миллий маркази, Таълим статистикаси миллий маркази, Меҳнат статистикаси бюроси каби 9 дан ортиқ статистик органлар ўзаро уйғунликда фаолият юритиб ягона федерал статистика тизимини ташкил этган.

Мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун халқаро талаблар асосида мустақил статистика тизимини яратиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, 17 йил аввал ташкил этилган «Статистика кенгаши» фаолиятини бутунлай қайта кўриб чиқиш белгиланди.

Шу билан бирга, статистик маълумотларни шакллантиришда асосий манба ҳисобланадиган аҳолини рўйхатга олиш жараёнларига тайёргарлик ҳолатига ҳам тўхталиб, Ўзбекистонда ушбу тадбир сўнгги марта 30 йил олдин ўтказилганлиги қайд этилди. Мамлакатимизда аҳолини 2022 йилда рўйхатдан ўтказиш режалаштирилган бўлиб, мазкур жараёнга қўшимча 170 минг фуқарони жалб қилиш ва уларни ўқитиш зарурлиги белгиланди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, уй-жой фонди ва бизнесни «рўйхатга олиш»ларни ўтказишга ҳам тайёргарлик кўриш зарурлиги қайд этилди.

Соҳани ривожлантиришнинг муҳим муаммоларидан яна бири кадрлар потенциалини ривожлантириш масаласи ҳисобланади. Тизимдаги ходимларнинг 2% статистика бўйича олий маълумотга эга. Сўнгги беш йилда 318 нафар бакалавр ва 33 нафар магистр тайёрланган. Уларнинг 10% статистика идораларида фаолият олиб бормоқда, холос. Мазкур йўналиш бўйича охирги 30 йилда 1 нафар фан докторлиги, 11 нафар фан номзоди илмий даражасини олиш бўйича диссертациялар ёқланган.

Мазкур камчиликларни бартараф этиш мақсадида соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва статистика фанини ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Белгиланган чора-тадбирларни самарали ва изчил амалга ошириш учун Жаҳон банки мутахассислари билан бирга статистика соҳасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилиб, уни амалга ошириш учун $50 млн жалб қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, миллий статистика тизимини ривожлантириш ўз навбатида мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жабҳаларида барқарор ривожланишни таъминлашда, амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг натижадорлигини акс эттиришда ҳамда мавжуд камчиликларни белгилаб олиш ва истиқболда уларни самарали бартараф этишда хизмат қилувчи кўзгу сифатида намоён бўлади.

Шаффоф, очиқ ва ишончли статистик маълумотларнинг мавжудлиги мамлакат равнақининг ва унда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигининг гаровидир.

Х.Асадов, сектор мудири Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Ўзбекистон Республикаси.

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
452 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить