Ўзбекистоннинг ЕОИИда «кузатувчи давлат» мақомида мувофиқ деб топилишига депутатлар қандай қарайди?

Бу масалада «Миллий тикланиш» ва «ЎзЛиДеп» партияси аъзолари фикр юритишди

ФОТО: CargoNews

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлиги юзасидан якуний қарори қабул қилинди. Унга кўра, ЕОИИда Ўзбекистоннинг «кузатувчи давлат» мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилди. Қарор юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда жами 132 нафар депутатлардан 86 нафари тарафдор (ёқлаган), 32 нафари қарши, 14 нафари эса бетараф сифатида овоз берган. Энди, регламентга кўра Сенат йиғилиши бўлиб ўтиши ва Сенат йиғилиши мазкур қарорни тасдиқлаши лозим.  Парламент матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда ЕОИИ билан ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари, тартибга солувчи органлар ва уларнинг фаолияти, шунингдек ўзаро келишув ва битимлар тузиш ва уларни амлага ошириш механизмлари мамлакат учун қандай истиқболли самаралар беради ва қандай оқибатлари бўлиши ҳақдаги саволларга жавоб берилган.

Жумладан, Ўзбекистон учун халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва жаҳон бозорига интеграциялашув жараёнлари долзарб масала эканлиги таъкидланиб, ЕОИИ билан ҳамкорлиги натижасида қўшимча равишда қиймати $1,6 млрд бўлган маҳсулотларни экспорт қилиш, темир йўлда ташиш харажатларини $220 млн арзонлаштириш ҳамда меҳнат мигрантлари даромадларини 15-20% га ошириш имкониятларига тўхталиб ўтишган. Жумладан, ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг ташқи савдо ва тўлов балансига ҳамда миллий валюта барқарорлигига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, парламент мазкур масаланинг ўрганишларига тўхталиб ўтиб, 10 апрель куни Ҳукумат вакиллари иштирокида «Ҳукумат соати», 16 апрель куни «Парламент эшитуви» ўтказилиб, уларда депутатлар томонидан кўтарилган бир қатор масалалар муҳокама қилинган ва Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги Ўзбекистон учун айрим тармоқларда ишлаб чиқаришнинг пасайиши, иш ўринларининг қисман йўқотилиши, инвестицион фаолликнинг ҳамда иқтисодиётни модернизация қилиш суръатларининг пасайишига олиб келиши мумкинлиги ҳам эслатиб ўтилган.

Биз мазкур масала юзасидан депутатлардан фикр олдик. Олий Мажлис Қонунчилик партияси «ЎзЛиДеп» партияси аъзоси Расул Кушербаев айтишича:

«Ўзбекистон учун қайси йўналиш фойда келтиради, деган саволга жавоб топа олмадим. Бу ерда Ўзбекистонга сиёсий жиҳатдан манфаатли томонлар нисбатан кўпроқ бўлиши мумкин. Лекин иқтисодий жиҳатдан масала очиқ турибди. Негаки иттифоқ билан ҳамкорликнинг фойда томонлари кўпроқ мигрантларга нисбатан қўлланилаётган патент масалаларида енгиллик борлиги ва бошқа мисолларни келтиришди.

«ЎзЛиДеп» партияси аъзоси Расул Кушербаев
ФОТО: uzlidep.uz
«ЎзЛиДеп» партияси аъзоси Расул Кушербаев

Бу ерда фақатгина патент масаласини кўрадиган бўлсак яқинда очилган патент, амалда биз келишган жамоат фондлари патент ҳолати бўйича бошқа ҳолатни айтишди. Масалан, Қирғизистонда патент очтириб, солиқ тўлаб ишлаётган мигрантларнинг меҳнат қилиши анча мураккаб эканлиги, «конверт» йўриғида ишлаш уларга қулайлигини келтиришди. Бу ҳолатда реал вазиятдан келиб чиқиб иш тутишни унутмаслигимиз керак. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ЕОИИга «кузатвчи» мақомида қўшилганида ҳам, четдан импорт қилинаётган маҳсулотларни Ўзбекистонда босқичма-босқич ишлаб чиқариш – «Ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг маҳаллийлаштириш» дастури бўйича қилган ишларимиз нима бўлади,  деган савол кўндаланг турибди. Бир томондан, бу жараённинг манфаатли томонлари ҳам кўп дейилмоқда: ЕОИИга аъзолик – МДҲ бўйича қабул қилинган келишув бўйича савдо-сотиқ, ҳамкорлик ишлари давом этмоқда, лекин МДҲга аъзо бошқа давлатлардан кўра, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлинса, савдо масаласи енгилроқ кечади. Балки мен тушунмаётгандирман, лекин бу ерда келажакдаги устуворликлар, ривожланишлар ҳисобга олинмоқда ва Ўзбекистоннинг кузатувчи мақомида туриши ҳозир хеч қандай салбий таъсир олиб келмайди, кузатувчи сифатида ҳолатни чуқур ўрганади.

Айниқса, Ўзбекистоннинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб юқори бўлгани билан, иттифоққа кирмаган тақдирида ҳам Россияда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат маҳсулотларига ҳеч қачон йўқолмайди. Ҳозирга шароитда эса, Россия – Ўзбекистон ЕОИИга қўшилмаяпти деб, ҳам иқтисодий, ҳам бошқа соҳалар томонидан «эшикларини ёпмайди». Фикримча, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлиган тақдирда ҳам, бизда сиёсий устуворлик бўлиши керак.» - дейди Расул Кушербаев.

Шунингдек, бу ҳақда «Миллий тикланиш» партияси аъзоси Жахонгир Абдурасулов шундай дейди:

«ЕОИИ ўз аъзо мамлакатларига товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва капитални эркин ҳаракатланиш имконини беради. Лекин биз бугунги кунда мамлакатимиз ушбу иттифоққа қўшилмасдан икки томонлама алоқаларни ривожлантириши миллий иқтисодиётимиз учун манфаатли деб ҳисоблаймиз. Биринчидан, иттифоқ билан интеграциялашув бошқа мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларимизни маълум маънода чеклаб қўяди. Яъни, бошқа мамлакатлар билан иқтисодий шартнома тузишда тарифларни ЕОИИ билан келишиш лозим бўлади. Бу эса доим ҳам миллий манфаатларимизга мос келавермайди.

«Миллий тикланиш» партияси аъзоси Жахонгир Абдурасулов
ФОТО: parliament.uz
«Миллий тикланиш» партияси аъзоси Жахонгир Абдурасулов

Иккинчидан, бундай иқтисодий блоклар асосан иқтисоди нисбатан ривожланган мамлакатлар учун фойда келтиради. Ўзбекистонни қўшиб ҳисоблаганда ЕОИИ Ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ҳиссаси Россия – 84,6%, Қозоғистон – 8,7%, Беларусь – 3%, Ўзбекистон – 2,6%, Арманистон – 0,6%, Қирғизистон – 0,4% га тўғри келади. Бу эса нисбатан ривожланган ва  ҳаракатлантирувчи куч бўлган Россия иқтисодиётига қарам бўлиб қолиш эҳтимоли юқорилигини билдиради.

Учинчидан, макроиқтисодий барқарорлигимизга салбий таъсир кўрсатиб, маҳаллий маҳсулотларимиз ўрнини арзон бўлган импорт махсулотлари эгаллайди. ЕОИИ божхона тарифлари эса инвестицион лойиҳаларга таъсир этади. Натижада, тўлов баланси дефицити юзага келиб, уни ташқи қарзлар ҳисобига ёпиш тўғри келади.

Тўртинчидан, ЕОИИ ҳали ташкилий жиҳатдан тугалланмаган иттифоқ ҳисобланади. Мазкур ташкилотнинг ўз йўналишлари бўйича миллий назорат қилувчи органлардан юқори турувчи мувофиқлаштирувчи органлар тўлиқ ишламайди ва улар фаолиятини тартибга солувчи норматив-хуқуқий хужжатлар мавжуд эмас. Натижада, кўп ҳолларда иттифоққа аъзо давлатларда ўзаро келишмовчиликлар келиб чиқади» - дейди «Миллий тикланиш» партияси аъзоси Жахонгир Абдурасулов.

Аввалроқ, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров партия Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи бўлиб киришига қарши эканлигини билдирган эди.

Навбатдаги йиғилиш якунида Сенат тасдиқласа, Ўзбекистон ҳукумати ЕОИИга иттифоқда кузатувчи мақомида иштирок этишни сўраб ариза топширади. Бу сўров тахминан бир ой ичида бўлиши кутилмоқда.

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
543 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:
Об авторе:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить