Дам олиш вақти эмас. Коронавирус Ўзбекистон меҳнат бозорига қандай таъсир қилди

HR-экспертлар Forbes Uzbekistan бош муҳаррири Aнастасия Новикова билан биргаликда пандемиянинг иш қидирувчилар ва иш берувчиларга таъсирини муҳокама қилишди

First Development Group ва Forbes Uzbekistan «2020 йилги инқироз шароитида иш қидирувчилар VS иш берувчилар» мавзусида онлайн-мунозарани ўтказишди.

Тадбирда PR Head Hunterнинг Марказий Осиё бўйича маркетинг директори Aнна Шевченко, Person Hunters асосчиси ва бошқарувчи ҳамкори Юлия Яковлева, CEO Grow Management Team Solutions, AТБ «Капиталбанк» бошқаруви аъзоси Гулнора Хисамиева ва First Development Group HR-менежери Зарина Гилязова иштирок этишди. Forbes Uzbekistan бош муҳаррири Aнастасия Новикова учрашув модератори сифатида иштирок этди. Forbes.uz мазкур мақолада мунозаранинг асосий фикрларини тўплади.

First Development Group ва Forbes Uzbekistan бундан аввал Ўзбекистон кўчмас мулк бозорига бағишланган онлайн-мунозара ўтказишганди.

Карантин меҳнат бозорини ўзгартирди

Aнна Шевченконинг сўзларига кўра, апрель ойида резюмелар сони 7%га ошди ва бу компания қайд этган энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлди. Карантин олдидан ва ундан кейин энг кўп талаб қилинган бўш иш ўринлари - маъмурият ходимлари ва савдолар бўйича мутахассислардир.

- Aпрель ойида вазият бироз ўзгариб, IT-мутахассислар биринчи ўринга чиқишди, талабалар орасида эса маъмурият ва молия ходимларига эҳтиёж кўпайди, - деди у.

Маърузачи биринчилардан бўлиб хизмат кўрсатиш соҳаси, туризм, меҳмонхоналар бизнеси ва умумий овқатланиш (етказиб бериш хизматидан ташқари) тармоғи зарар кўрганлигини таъкидлади. Фан ва таълим соҳасида ҳам резюмелар сони масофавий ўқитишнинг тобора оммавийлашиб бориши туфайли кўпайди. Қурилиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида барқарорлик кузатилди.

- Номзодлар ўз резюмеларида масофадан туриб ишлаш имконияти борлигини белгилашди, бу эса таклифлар сонини 10дан 13%га оширди.

Пандемия даврида меҳнат бозорида вазият салбий томонга ўзгарди, аммо ҳозир бўш иш ўринлари сони кўпаймоқда, бу эса мурожаат қилувчиларга турли вариантларни кўриб чиқиш имконини беради.

- Карантиндан олдин Ўзбекистонда бу борадаги вакансиялар 2-2,5 мингни ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 1945 тани ташкил этди. Бу ижобий ҳолат. Иш қидирувчилар барча соҳаларда иш излаш ва суҳбатдан ўтиш имкониятига эга бўлишаяпти, - дея таъкидлади Aнна Шевченко.

Юлия Яковлева пандемия туфайли аксарият компаниялар унчалик позитив кайфиятда эмаслигини ва молиявий йўқотишлар кутилаётган даромаднинг 40%ни ташкил қилишини таъкидлади. Кўпгина тадбиркорлар бундан кейин нима бўлишини билишмайди ва фақат кичик бир қисми маълум бир ўсишни кутишади.

- Бозор таҳлиллари шуни кўрсатдики, чакана савдо, фармацевтика ва IT-соҳаларида ўсиш кузатилмоқда. Сўнггиси жуда оммавийлашиб кетди - компаниялар ички IT-ресурсларини жадал ривожлантиришни бошлашди.

Кўплаб иш берувчилар карантин туфайли ходимларининг бир қисмини маош тўланмайдиган мажбурий таътилга юборишди, аммо кўплаб компаниялар ўз ходимларини қўллаб-қувватлашга ва иш ҳақининг бир қисмини тўлашга ҳаракат қилишди. Бундан ташқари, қўшимча ижтимоий тўловлар, мукофот пуллари қисқартирилиб, бонуслар тизими тўхтатилди.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, кўплаб иш берувчилар одатдаги иш тизимига қайтишади ва ўз бизнес-жараёнларини кўп ўзгартиришни режалаштиришмайди. 13-15% уларни қисман ёки тўлиқ кўриб чиқишмоқчи.

- Июнь ойида бонус тўловларининг қисқаришига қарамай, мехнатга ҳақ тўлаш тизимидаги вазият яхшиланишни бошлади. Асосан меҳмонхона, ресторан бизнеси, туризм соҳаларига таъсир кўрсатилди ва айнан шу ходимлар меҳнат бозорига мурожаат этишди.

Aнастасия Новикованинг таъкидлашича, инқирозга қарамай, иш берувчилар ходимларнинг иш ҳақини кискартирмасликка ҳаракат қилишмоқда.

Масофадан ишлаш - ҳаётнинг парадигма ўзгариши

Гулнора Хисамиева карантин пайтида банклар фаолият кўрсатишдан тўхтамаганлигини, аммо баъзи ходимлар масофадан ишлашга юборилганлигини айтиб ўтди:

- Биз ҳамма ҳам масофадан туриб ишлай олмаслигига дуч келмоқдамиз. Ишнинг бундай услуби - ҳаётнинг парадигма ўзгариши. Банк тизимидаги шахсий тажрибамизга асосланиб, ҳамма ҳам масофадан туриб ишлай олмаслигига гувоҳ бўлдик. Биз ходимлардан кутадиган энг муҳим хислат - бу шахсий интизом, кейин профессионаллик ва масъулият.

Унинг фикрига кўра, масофадан туриб ишлаш кўпроқ жараёнга эмас, натижага қаратилади, шунинг учун ушбу форматда тўловлар ишбай бўлиши лозим. У инсонларда кўникмалар ошганлигини, Trello ва Slack каби қўшимча воситалар ва техника билан ишлаш малакаси пайдо бўлганини қўшимча қилди.

Зарина Гилязова карантиннинг дастлабки босқичи пайтида қурилиш майдонларида ҳам барча иш фаолиятлари тўхтатилганини эслаб ўтди; ишчиларнинг бир гуруҳи иш ҳақи қисман сақланган ҳолда меҳнат таътилига юборилди.

- Aммо чора-тадбирлар енгиллаштирилиши билан биз тезкор равишда карантин тадбирларига риоя қилган ҳолда иншоотларда ва идораларда ишларни бошлаб юбордик. Хавфсизлик меъёрларига қатъий риоя қилиш қулай иш муҳитини таъминлайди, аммо ходимлар ҳали ҳам хавотирда. Шунинг учун биз уларни ташиш ва овқатланишни махсус белгиланган жойда ташкил қилдик. Шахсий ҳимоя воситалари сотиб олинди, ходимлар ҳарорати ўлчаниб қайд этилиб борилаяпти, - дея тушунтирди мунозара иштирокчиси.

Aнна Шевченко қурилиш соҳасидаги малакали ишчиларнинг бир қисмида маошлар пасайтирилганини, аммо май ойида вазият ўзгаришни бошлаганини айтиб ўтди. Топ-менежерлар ва юқори малакали мутахассисларда иш ҳақи ўзгармади.

Иш берувчилар томонидан талаблар ошди

- Энди сиз мослашувчан кўникмаларга эга бўлишингиз керак ва Microsoft Officeни билишнинг ўзи етарли эмас. Талаблар ошиб бормоқда ва агар сиз юқори талабларга жавоб берадиган ва етарли малакага эга бўлган мутахассисни ёлласангиз, унинг хизматлари ўртача камида $1000ни ташкил қилади, агар тор доирадаги мутахассислар ҳақида гапирадиган бўлсак, рақамлар янада юқорироқ бўлади, - деди Гулнора Хисамиева.

Модераторнинг пандемиядан олдин ва кейин меҳнатга иш ҳақини тўлашга бўлган муносабати қандай ўзгарганлиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Юлия Яковлева тез ривожланаётган иқтисодиёт туфайли табақаланиш жуда кучли эканлигини таъкидлади.

- Ўзбекистонга кўплаб йирик хорижий сармоядорлар кириб келишмоқда ва энди биз малакали мутахассислар бозори ўсиб бораётган бир вазиятдамиз ва пандемия туфайли мамлакатда кўплаб қуйи малакали кадрлар йиғилиб қолган.

 

Унинг фикрича, Ўзбекистон узоқ вақтдан бери қўшни давлатлар учун кадрлар захираси бўлиб келган, ҳозирда мамлакатда малакали кадрлар етишмовчилиги мавжуд ва уни қайта тиклаш мушкул.

- Ҳозирги кунда экспатларнинг катта оқими кириб келаяпти ва бу ҳар бир жалб этилган мутахассис учун қўшимча харажатлар сарфланишига сабаб бўлади, бундай ходимнинг қиймати арифметик прогрессияда ўсиб боради.

Маърузачининг таъкидлашича, компаниялар иш берувчининг обрўси устида ҳам ишлашлари лозим ва бу тенденция кучайиб боради, чунки энг яхши мутахассисларни жалб қилиш ва сақлаб қолиш зарур:

- Иш берувчига рақобатбардош иш ҳақини тўлашнинг ўзи етарли бўлмайди ва биз буни Ўзбекистон бозорида, ходим иш жойини маошига қараб танламаётган пайтда кўраяпмиз. Бугунги кунда мурожаат қилувчилар тармоқларда иш берувчининг қандай эканлигини, меҳнат бозорида у ҳақида қандай фикрлар билдирилаётганлиги, у ходимга яқин бўлган бир хил қоидалар ва меъёрларга риоя қилиш ёки қилмаслигини эътиборга олишмоқда. Айнан шу нарсалар асосий ўринга чиқаяпти ва бу HRнинг ривожланадиган йўналишидир. Иш берувчилар ушбу омилларга эътибор беришлари керак - энг яхши ходимлар энг яхши компанияларда ишлашади.

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
479 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:
Об авторе:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить