Вакцина учун миллион. Ким кўпроқ?

Вакцинани яратадиганлар учун миллионлар, баъзида эса ҳатто миллиардлар ажратилаяпти ва ваъда қилинмоқда

ФОТО: Chokniti Khongchum / Pixabay

Бутун дунё коронавирусдан вакцинани изламоқда. Вакцинани яратиш устида 70 дан ортиқ мамлакатлар иш олиб боришмоқда. Уни яратадиганлар учун миллионлар, баъзида эса ҳатто миллиардлар ажратилаяпти ва ваъда қилинмоқда.

Коронавирусдан вакцинани яратиш ишлари бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Бу ишга кўплаб мамлакатларда энг нуфузли тиббиёт компаниялари ва тадқиқот ташкилотлари, энг етук олимлар ва йирик миқдордаги молиявий ресурслар жалб қилинган.

Ҳозирги кунда вакцина тадқиқотлари бўйича 70 дан ортиқ мамлакатлар иш олиб боришмоқда. Вакцинанинг бир неча тури аллақачон яратилиш ва уларни синовдан ўтказиш арафасидаги босқичларда турибди ва бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда. Вакцина яратиш мураккаб жараён, у жуда узоқ вақт ва йирик маблағларни талаб этади, уни ишлаб чиқиш учун баъзида бир неча йиллар кетади.

Коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқишда айниқса Германия, Франция ва Канада давлатлари раҳбарлари жонбозлик кўрсатишмоқда. Бу уч давлат бошлиқлари бу мақсадлар учун маблағ йиғилишига бағишланган халқаро донорлик онлайн-анжумани пайтида янги типдаги коронавирусдан вакцина яратилиши ишларига умумий ҳисобда $2 млрд маблағ ажратишга қарор қилишди. Жумладан, Германия канцлери Ангела Меркель унинг мамлакати ҳам коронавирусга қарши курашда фаол иштирок этишига ваъда берди.

- Германия бу мақсад йўлида бирлашади. COVID-19га қарши кураш учун тиббиёт мақсадларида, шу жумладан вакцина ва дори-дармонлар ишлаб чиқариш учун биз €525 млн маблағ ажратамиз, - деди Меркель хоним. Унинг фикрича, коронавирусни енгиш учун барча мамлакатлар ўз кучларини бирлаштиришлари керак.

Ўз навбатида Франция президенти Эммануэль Макрон коронавирусдан вакцина ва препаратлар яратилиши учун €500 млн маблағ ажратишини таъкидлади:

- Вакцина яратилгач, ундан барча фойдалана олиши керак. Нафақат диагностика, даволаш ва эмлаш воситаларини яратиш, балки барчага улардан фойдаланиш учун тенг ҳуқуқлар берилишини кафолатлаш лозим. Шунингдек, ночор мамлакатларга бу касалликка қарши кураш олиб боришда кўмак беришимиз талаб этилади.

Мамлакат раҳбари бу борада йўл қўйилган хатоликлар барча учун дарс бўлиши лозимлигини ҳам айтиб ўтди.

Бу борадаги масалаларда дунёнинг етакчи мамлакатларидан яна бири Канада ҳам четда қараб тургани йўқ. Давлат бош вазири Жастин Трюдо Канада вакцинани яратиш ва ишлаб чиқариш мақсадларидаги ишларга $850 млндан кўпроқ пул йўналтирилишини маълум қилди. Сиёсатчи бу маблағнинг асосий қисми мамлакат тадқиқот секторига ажратилишини, бир қисми эса Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг турли жамғармаларига юборилишини айтиб ўтди:

- Бу дунё миқёсидаги инқироз ва у жаҳон ҳамжамияти эътиборини ўзига тортиши керак. Биз нафақат ўзимизга, балки бутун дунё мамлакатларига ёрдам кўрсатишимиз талаб этилади.

Коронавирусдан вакцина яратилиши учун донорлар конференциясида умумий ҳисобда €7,4 млрддан ортиқ маблағ ($8 млрд) йиғишга эришилди. Унинг €4 млрдга тенг қисмини вакцинани яратиш, ишлаб чиқариш ва тарқатиш ишларига йўналтирмоқчи бўлишаяпти, €2 млрд коронавирусдан даволанишга ва €1,5 млрд тестлар жараёнига ишлатилади. Бу мақсадларга 40дан ортиқ мамлакатлар ва ташкилотлар ўз ҳиссаларини қўшишга қарор қилишди. Жумладан, Европа Иттифоқи ўзининг ижроия органи - Европа комиссияси мисолида €1 млрд ажратди. Юқорида келтирилган Германия ва Франциядан ташқари Нидерландия €192 млн, Испания €125 млн ажратган бўлса, Буюк Британия, Австралия, Япония, Норвегия ва Саудия Арабистони каби мамлакатлар €100 млндан молиявий ёрдам беришларини маълум қилишди. Шунингдек, Хитой ҳам йирик сумма ажратишини билдирди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Германиянинг CurveVac тиббиёт компаниясига COVID-19 вакцинаси эксклюзив ҳуқуқига эгалик қилиш учун $1 млрд таклиф қилди. Бироқ германияликлар молиявий жиҳатдан қулай бу таклифни рад этишди. Немис сиёсатчилари ушбу таклифга муносабатларини қуйидагича ифодалашди:

- Германия сотилмайди, - деди мамлакат иқтисодиёт вазири Петер Альтмайер. Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Спан эса CurveVac вакцинани фақат Америка учун эмас, барча давлатлар учун ишлаб чиқаради, дея жавоб берди. Кейинчалик компания инвесторлари вакцинани бирор мамлакатга сотмасликларини таъкидлашди.

- Биз самарали таъсир этадиган вакцинани ярата олсак, у бутун сайёрамиз инсонларига хизмат кўрсатиши ва уларни вирусдан ҳимоя қилиши керак, - деди асосий инвестор, Dievini Hopp BioTech холдинги асосчиси Дитмар Хопп.

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат олимларига COVID-19дан вакцина учун $1 млн мукофот ваъда қилди.

- Сизга бир сирни очаман. Президент мендан академик олимларимизга мурожаат этишимни ва улардан бирор киши коронавирусдан вакцина яратса, миллион долларга эга бўлишини айтишимни сўради, - деди Украина бош санитария шифокори Виктор Ляшко.

Бироқ физика-математика фанлари доктори Семён Есилевскийнинг фикрича, миллионлар бу ишлар учун етарли эмас экан:

- Бундай тадқиқотлар – кўп йиллик меҳнат, давлат сиёсати томонидан ишлаб чиқиладиган стратегия, кадрлар тайёргарлиги ва жаҳон миқёсидаги мутахассисларнинг жалб этилиши, қолаверса миллиардлаб инвестициялар… Фикримча, миллион – бундай ишлар учун етарли эмас.

Бу ишга машҳур шахслар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Мисол учун, Microsoft асосчиси Билл Гейтс ва унинг рафиқаси Мелинданинг хайрия жамғармаси вакцина яратиш ишларига $125 млн маблағ ажратди. Бунинг натижасида Американинг Inovio компанияси ўз препаратининг клиник синовларини бошлади.   

Таниқли актёр Жеки Чан коронавирусга қарши вакцинани яратган кишини рағбатлантиришга ваъда берди. У вакцина ихтирочисига ўзининг шахсий ҳисобидан 1 млн Хитой юани, яъни $197 минг ажратишга қарор қилди.

- Фан ва технологиялар – вирусни енгиб ўтиш учун ишончли калит, кўпчилик мен каби фикрласа керак деб ўйлайман. Умид қиламанки, вирусга қарши вакцина имкон қадар тезроқ яратилади. Бунинг учун мен ҳам ўзимнинг ҳиссамни қўшмоқчиман. У ким бўлишидан қатъий назар – инсон бўлсин ёки ташкилот, вакцинани ярата олса, мен унга 1 млн юанга тенг мукофот билан миннатдорчилик билдираман, - дея ваъда берган машҳур актёр.

Буюк Британияда ҳам бу борада ишлар қизғин давом этаяпти. Британияликлар сентябрь ойидаёқ тайёр вакцинага эга бўлишга умид қилишаяпти. Улар бу борада генга оид муҳандислик ютуқларидан фойдаланишмоқда. Мамлакатнинг етакчи олимларининг илмий изланишлари тез орада самара бериши кутилаяпти. Ҳукумат эса бу ишларни муносиб баҳолашга тайёр эканлигини билдирган. Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хэнкок ҳукумат бу ишлар учун барча кучлар сафарбар этилишини айтиб ўтди. Хэнкок раҳбарлик қилаётган ташкилот Оксфорд университетида вакцинани яратиш ишларига £20 млн ҳамда Лондон Империал коллежида яна бошқа турдаги вакцина яратилиши устида олиб борилаётган клиник синов ишларига £22,5 млн ажратилганини маълум қилди.  

Июнь ойига келиб вакцина яратилишида 136 ташкилотлар иштирок этишмоқда. Уларнинг 10 таси ҳозирги кунда клиник изланишлар босқичида туришибди. Февраль ойида Халқаро Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг таъкидлашича, коронавирусга қарши вакцина 18 ой ичида тайёр бўлар экан. Агар бу касалликдан фориғ бўлиш йўлини дарҳақиқат келгуси йилнинг ўрталарига келиб топишса, бу тиббиёт тарихида энг тез яратилган вакцина бўлиб қолади.

14 май куни 140дан ортиқ давлатлар раҳбарлари ва экспертлар барча мамлакатларда ҳамма инсонлар учун коронавирусга қарши вакцинани бепул қилишга даъват этилган жамоавий келишувни имзолашди. Унинг шартларига кўра, бутун дунё аҳолиси учун коронавирусни даволаш, тест топшириш ва диагностика қилиш бепул бўлиши кафолатланиши таъминланади.

- Ҳукуматлар ва халқаро ҳамкорлар бу мақсад йўлида бирлашишлари лозим ҳамда самарали ва хавфсиз вакцина яратилган пайтда унинг етарли миқдорда ишлаб чиқарилиши тезкор равишда йўлга қўйилиши ва у бутун дунё мамлакатлари аҳолиси учун бепул бўлиши кераклиги кафолатланиши лозим, - дейилади мактубда.   

Таъкидлаш керакки, бутун инсоният учун айнан вакцина ушбу офатдан тезроқ халос бўлиш учун асосий умид бўлиб турибди ва барча унинг яратилишини сабрсизлик билан кутмоқда. Шу билан биргаликда вакцина COVID-19ни енгишга ва уни чекинишга мажбур қилишига кўпчилик ишонади. Бу кунлар тезроқ келишини кутиб қоламиз.   

 

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
255 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:
Об авторе:
Самые Интересные

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить