
Коронавирусга қарши курашга янги воситалар, биринчи навбатда вакциналар ишлаб чиқариш учун улкан маблағ талаб этилади. Бу ҳақда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг Женева шаҳрида ўтказилган брифингида маълумот берилди.

Пандемиядан қайси мамлакат ўзини энг тез тиклаб олади?
Коронавирус пандемиясидан ўзини энг тез тиклаб оладиган давлат АҚШ ёки Хито... →
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти бутун сайёрамиз инсонларини коронавирусдан вакцина билан таъминлаш учун қанча маблағ кераклигини ҳисоблаб чиқди. Ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг таъкидлашича, сайёрамизда пандемия ўзининг энг юқори нуқтасидан ҳали ўтиб бўлгани йўқ. У дунё аҳолисини вакцина билан таъминлаш учун жуда узоқ йўл борлигини ва бунинг учун улкан маблағ – $100 млрд талаб этилишини айтиб ўтди.
- Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотида талаб этиладиган миллиардлар учун йўлнинг 10%ни босиб ўтишди, - деди Гебрейесус ўз нутқида. – Фақатгина вакцинанинг ўзига $100 млрд талаб этилади. Бу ушбу ишга жалб этилиши лозим бўлган глобал инвестицияларнинг фақатгина бир қисми. Бу жуда катта суммадек туюлиши мумкин, аммо бу G20га аъзо мамлакатлар пандемия оқибатларини бартараф этиш учун йўналтирган $10 трлн олдида денгиздаги томчидек гап. Шу сабабли COVID-19нинг кейинги тўлқинидан ўтиш учун навбатдаги $10 трлнни сарфлашдан олдин бу миллиардларни албатта топишимиз лозим. Бу маблағлар биринчи навбатда янги воситалар, айниқса ҳозирги кунда яратилиши устидан ишлар олиб борилаётган вакциналар учун сарфланади.
Шунингдек, Гебрейесус ЖССТнинг коронавирусдан воситаларни яратиш, ишлаб чиқариш, тартибга солиш, сотиб олишни тезлаштириш бўйича халқаро дастури ҳозирги кунда $31,3 млрд миқдоридаги молиявий сарф-харажатларни талаб этишини ҳам эътироф этди. Шу билан бирга ташкилот раҳбари Халқаро Валюта Жамғармаси маълумотларини ҳам келтириб ўтди. Унга кўра коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодиётига ойига $375 млрдга тушаётганлиги, икки йил ичида эса глобал иқтисодиёт $12 трлнга тенг молиявий йўқотишларга учраганлиги маълум бўлди.
Шу билан бирга жаноб Тедрос дунё ҳамжамиятига коронавирусдан вакцинанинг бир неча вариантини яратиш ва уларнинг орасидан энг яхшисини танлаш муҳимлигига ҳам алоҳида урғу берди. Унинг фикрича, аксарият препаратлар ҳали яратилишнинг дастлабки босқичларида экан.
Энг бадавлат мамлакатлар аллақачон вакцина учун навбатга туриб олишган ва улар катта партияларга буюртма беришган. Бу эса бутун дунёда АҚШ, Буюк Британия, Германия ва бошқа йирик мамлакатлар вакцинанинг дастлабки партияларини тўлиқ ҳажмларда сотиб олиб бошқа давлатларни вакцинасиз қолдиришлари мумкинлигидан хавфсирашмоқда. Айнан шунга ўхшаш ҳолат бундан олдинги эпидемиялар пайтида ҳам кузатилган эди.
11 август куни Россия президенти Владимир Путин жаҳондаги коронавирусдан дастлабки вакцина яратилганлигини ва рўйхатга олинганлигини эълон қилганди. У фуқаролар ихтиёрига 2021 йил 1 январдан бошлаб етиб боради. Бу жараён босқичма-босқич ўтказилади ва дастлаб унга юқори хавф гуруҳидаги кишилар, яъни тиббиёт ходимлари ва ўкитувчилар эга бўлишади.
Брифингда шунингдек ташкилот бош директорининг биринчи маслаҳатчиси Брюс Эйлворд ҳам иштирок этди. Бироқ у Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ҳозирча Россиянинг ушбу препарати ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигини билдирди. У ЖССТ Россия билан вакцина ҳақида тўлиқ маълумот олиш борасида музокаралар олиб бораётганлигини таъкидлади.