Юқори қийматли нефть қачон қайтади?

Нефтнинг арзон нархлари даври тугаши мумкин, бир неча йилдан сўнг «қора олтин»нинг қиймати сезиларли даражада кўтарилиши кутилмоқда

ФОТО: Mr.B-king / Shutterstock

Яқин келажакда нефтнинг арзон нархлари даври тугаши мумкин. Бир неча йилдан сўнг «қора олтин»нинг қиймати сезиларли даражада кўтарилиши кутилмоқда.

Бир қатор саноат таҳлилчилари Россия учун ишонч руҳидаги башоратларни келтиришмоқда – нефть бир баррели учун $100-150га баҳоланадиган даврлар келишига яқин қолган. Уларнинг далиллари ҳақиқатан ҳам диққатга сазовор, аммо баъзи мутахассислар бу фикрларга қўшилишмаяпти.

Юқорида келтирилган башоратни Northern Trace Capital компаниясининг инвестициялар бўйича директори Тревор Вудс илгари сурди, дея хабар бермоқда Wall Street Journal.

Бир тарафдан ғарблик экспертнинг башорати дунёнинг кўплаб компаниялари шунчаки нефть қазиб олиш ҳажмининг қисқартирилишига эмас, унга киритилган сармоя миқдорининг жиддий камайтирилишига асосланган эди. Шунчаки, ҳозирги арзон нархлар туфайли кўплаб янги конлардан нефть ишлаб чиқариш самарасиз бўлиб қолди. Бундай лойиҳаларнинг аксариятида нефть қазиб олиш тезда даромад олиб келмайди: бугунги инвестициялар нефтнинг самарали қазиб чиқарилишини келажакда – уч-беш йиллардан сўнг таъминлаши лозим эди. Бошқа томондан, эксперт «қора олтин»га бўлган талаб қоронаинқироздан сўнг тезда тикланишига ишонади.

Бу икки омил 2025 йилга келиб нефтга бўлган таклиф камайиши, талаб эса инқирозгача бўлган даврдагидек кўпайишига олиб келади. Бозор талабга қараб мувозанатни яратади. Ортиқча ишлаб чиқариш ўрнига дунё нефть танқислигига дуч келади. Бу нефть нархининг бир баррели учун $150гача кўтарилишига олиб келади. Айнан шундай мантиқ бир неча таҳлилчилар томонидан келтирилмоқда.

JPMorgan таҳлилчиси Кристиан Малек ҳам нефть нархлари узоқ даврга паст даражада қолмайди деб ҳисоблайди. Ҳозирги пайтда «навбатдаги нефть даври» учун пойдевор қўйилмоқда. Унинг сўзларига кўра, инвестицияларнинг камайиши ишлаб чиқариш пасайиши ҳамда талаб ва таклифнинг номутаносиблигига олиб келиши мумкин.

Малек нефтга бўлган талаб 2021 йил охирига қадар инқирозгача бўлган даражага қайтишини башорат қилган. Шу билан бирга ишлаб чиқаришда кескин пасайиш юз беради. Биринчидан, эски конларнинг ёпилиши сабабли нефть қазиб олиш кунига 1 млн баррелга камайди (бу нархлар кўтарилган тақдирда ҳам бозорга қайтмайди). Шунингдек, янги лойиҳаларга инвестицияларни тўхтатиб қўйиш туфайли кунига 4 млн баррель йўқотилади.

Талаб ва таклиф ўртасидаги тафовут 2022 йилда пайдо бўлиши мумкин ва шундан кейин нефть нархи бир баррель учун $100гача кўтарилади, деб ҳисоблайди JPMorgan таҳлилчиси. Бунга мисол қилиб қуйидаги далилни келтириш мумкин: 2011 йилда дунё кунига 2 млн баррелга яқин Ливия нефтини йўқотди ва бу 2008 йилги молиявий инқироздан уч йил ўтгач нархларни бир баррель учун $120гача кўтариш учун етарли эди.

Matilda Capital инвестицион жамғармаси ходими Ричард Фуллартон ҳам нефть ҳатто эртароқ - аллақачон 2020 йил охирига келиб баррель учун $100гача кўтарилади деб ҳисоблайди.

Шундай бўлсада, беш йил ичида бир баррель учун $150га кўтарилишини кутиш воқеалар «қайнаган жойда» башорат қилишга ўхшайди. Нефть бўйича башоратлар ҳар ой ўзгариб туради, чунки нефть – ўта мушкул моддий бойлик ва унга кўплаб омиллар таъсир қилади.

- Сиз нефть нархи $2 ҳам, $150 ҳам бўлиши мумкинлиги борасидаги башоратларни эшитасиз. Ҳозир бу фикрлардан қутулиш вақти етиб келди, чунки улар келажакка йўл-йўриқ кўрсатиш учун эмас, балки бу мавзу бўйича шов-шув кўтариш учун қилинаяпти, - дея таъкидлади Константин Симонов, миллий энергия хавфсизлиги жамғармаси бош директори.

Унинг эслатишича, 2014 йилда нефть нархи бир баррель учун $100дан икки баробарга тушганда шунга ўхшаш тахминлар билдирилган эди:

- Сармоялар соҳани тарк этади ва беш йилдан сўнг нефть танқислиги рўй беради. Аммо олти йил ўтди ва бугун биз дунёда нефтнинг ҳаддан ташқари кўп қазиб олинишини кузатаяпмиз, нефть сақлаш жойлари тўлиб кетган. Шунинг учун сармоялар киритилиши тўхтаганда ишлаб чиқариш ҳам улар билан бирга соҳани тарк этади ва нархлар ҳаддан ортиқ даражада кўтарилади, деб ҳисоблашга ҳожат йўқ. Ҳақиқатга яқин нархлар баррели учун $40-50ни ташкил этадиган давр учун тайёргарлик кўриш керак, - деди Симонов.

Энди нефть нархининг баррели учун $150гача кўтарилиши учун зарур шартлар йўқ, - дейди Энергетика ва молия институти директори ўринбосари Алексей Белогорьев.

Унинг фикрига кўра, беш йил ичида жаҳон бозорида танқислик пайдо бўлишидан кўра кўпроқ нефть кўпайиши учун шарт-шароитлар мавжуд.

- Биз 2023-2024 йилларда нефтнинг $100-150гача бўлган нархларни кутиш тарафдоримиз, дейди Василий Танурков, AКРA корпоратив рейтинглар гуруҳи директори.

Аммо унинг фикрича, келгуси уч-беш йил ичида нархларнинг сезиларли равишда кўтарилиши учун маълум шартлар мавжуд. Биринчидан, бу сўнгги йилларда кузатилаётган ва бу йил сезиларли даражада ўсган соҳага етарлича сармоя киритилмаганлигидир. Барча бу ҳақда гапирмоқда.

- Яна бир далил – бу дунё миқёсида ҳукуматлар ва марказий банклар томонидан амалга оширилаётган мисли кўрилмаган солиқ, бюджет ва пул рағбатлантириш чоралари туфайли инфляция тезлашади. Пулнинг ҳозирги кенг миқёсдаги эмиссияси келажакда глобал даражада нархларнинг ўсишини сезиларли тезлашишига олиб келиши мумкин. Шу билан бирга марказий банклар учун пул-кредит сиёсатининг анъанавий чораларини қўллаш қийин бўлади, чунки бу кенг миқёсли қарздорлик инқирозини келтириб чиқариши мумкин, - дейди Василий Танурков. - Оддий қилиб айтганда тартибга солувчилар бугунги кунда иқтисодиётга шунчалик кўп арзон пулларни киритмоқдаки, нархларнинг кўтарилиши муқаррар, шу жумладан нефть учун ҳам.

Нефть нархлари кўтарилади, деган фикрни илгари сураётганлар ҳозирча камчиликни ташкил қилади. Кўплаб йирик банклар ва инвесткомпаниялар бунга эҳтиёж сезишмаяпти. Улар бир неча йилдан сўнг ҳеч бўлмаганда $55-60га тенг бўлган нефтни кутишаяпти.

Бир томондан бозордан дарҳақиқат катта бўлмаган ҳажмдаги нефть кетиши мумкин. Мисол учун, Ангола энди ҳеч қачон инқирозгача бўлган даврдаги нефть қазиб олиш даражасига қайта олмаса керак, дейилади Rystad Energy ҳисоботида.

Бошқа тарафдан, сланецли нефтни ҳам ёддан чиқармаслик лозим. АҚШнинг сланецли нефть соҳаси нархлар ўзгаришига тезлик билан чора кўриши мумкин, дейди Танурков. Нархлар кўтарилиши билан америкаликлар нефть қазиб олиш даражасини шунчалик тезроқ тиклаб олишлари мумкин.

Кейинги ярим-бир йил давомида сланецли нефть қазиб олишнинг катта қисмини тўхтатишга тўғри келсада, бундай бурғулаш қурилмаларини қайта тиклаш, масалан, Сибирдаги тикланиш қийин бўлган конларни қайта фаоллаштиришга қараганда анча кам сармоя талаб этади, дея таъкидлади Геннадий Салич, «Фридом Финанс» банки бошқаруви раиси. Унинг фикрига кўра, бир ярим йил ичида талаб ва таклиф мувозанати тикланиб, дунё кунига 100 млн баррель қазиб олиш даражасига қайтишини кутиш янада реалдир.

- Қайта тикланадиган энергия манбаларига кенг равишда ўтиш туфайли нефтга бўлган талабнинг пасайиши, шунингдек, нефть нархининг кўтарилишига қарши чиқиши эҳтимоли бор. Бироқ бу омил парадоксал равишда нефть етишмаслигини келтириб чиқариши мумкин, - деб таъкидлайди Танурков.

Унинг сўзларига кўра, нефтчилар ишлаб чиқаришга инвестицияларни камайтирмоқда, шу билан биргаликда улар қайта тикланадиган энергия манбаларининг рақобат хавфини ҳисобга олганлар. Аммо, агар муқобил энергия бўйича улуш ўзини оқламаса, унда нефть танқислиги юзага келади.

Бозор интилаётган мувозанат нархини бир баррель учун $55-60га баҳоласа бўлади, бу ҳозирги кунда кўп йиллик башоратлар учун энг яхши кўрсаткич ҳисобланади, дея таъкидлайди АКРА мутахассиси. У сланец ёқилғиси пайдо бўлишидан олдин мувозанат нархидан оғиш учун уч йилдан беш йилгача бўлиши мумкинлигини айтди, аммо сланец даврида бу муддат бир ёки икки йилга қисқартирилди. Бошқача айтганда, нефтнинг бир баррели учун ҳозирги $42дан $55-60гача кўтарилиши учун бир ёки икки йил керак бўлади. Агар пандемиянинг иккинчи ёки ҳатто учинчи тўлқини келса, бу кўпроқ вақт талаб этади, бу муваффақиятсизликдан кейин талабнинг секинроқ тикланишини англатади, дея тушунтиради манба.

Аммо пандемиянинг янги тўлқинлари бўлмаса ҳам нефтга бўлган талабнинг тикланишини секинлаштирадиган омиллар мавжуд.

- Биринчидан, йўловчиларни ҳаво транспорти билан таъминлаш хавотирга сабаб бўлмоқда. Иккинчидан, нефть нархи бир баррели $60га тушганда ОПЕК мамлакатлари ишлаб чиқаришни қисқартиришдан бош тортишлари мумкин. Чунки бунда нархлар америкалик сланец кончилари учун жуда қулай бўлиб бормоқда, дейди Виталий Громадин, БКС «Инвестицион гоялар фабрикаси»нинг бош таҳлилчиси.

 

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
279 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить