Яна 500000га яқин ўзбекистонликлар пандемия туфайли ночорлик чегарасига етиб келиши мумкин

Иқтисодий Тадқиқотлар ва Ислоҳотлар Маркази ҳамда Жаҳон Банки пандемия Ўзбекистонда ҳаёт тарзи ва даромадлар қанчалик ўзгарганлигини кўрсатиб берган тадқиқотни ўтказди

ФОТО: perfectlab / shutterstock

Иқтисодий Тадқиқотлар ва Ислоҳотлар Маркази (ИТИМ) Жаҳон Банки ҳамда «Тараққиёт стратегияси» маркази билан ҳамкорликда олиб борган COVID-19нинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистонда ночорлик даражаси ўсиши мумкин. Бу ҳақда Forbes.uz сайтига ИТИМ жамоатчилик билан алоқалар хизмати маълумот берди.

Аҳолининг турмуш даражаси

Aпрел ойида COVID-19 пандемияси бошланганидан буён ночорлик чегарасидан пастроқ даражада яшовчилар улуши 10%га етди (март ойида 7,4% эди). Бу эса яна 448 минг киши турмуш даражасининг пасайиши натижасида ночорлик чегарасига етиб келиши мумкинлигини англатади.

Шу билан бирга, тадқиқот натижалари бандлик даражаси бироз ошганлигини ҳам кўрсатди. Камида битта ишлайдиган киши бўлган уй хўжаликларининг улуши апрел ойига нисбатан 40%га қисқарди ва апрелдан майгача 15 фоиз даражага ўсди (43% дан 58% гача). Уй хўжалигидаги кимдир «ишини йўқотган ёки ишламаётган» деб хабар берган респондентлар сони мартдаги 1%дан апрелда 19%гача ошган бўлса, май ойида яна 12%га тушиб кетди. Деярли барча кишилар фаолиятининг тўхтатилиб турилиши вақтинчалик деб ҳисоблашади.

Aпрел ойида, респондентларнинг 26% озиқ-овқат махсулотлари истеъмоли камайганини эътироф этишди, май ойида эса бу кўрсаткич 23%ни ташкил этган.

COVID-19 авж олган пайтдан бошлаб аҳолининг 9% ҳукуматдан тўғридан-тўғри ёрдам олганликлари ҳақида маълум қилишди. Ёрдамнинг асосий қисми (89%) нафақа шаклида кўрсатилган.

Харажатлар ва харидлар

COVID-19 тарқалиши бошланиши билан 6% уй хўжаликлари ҳар ойда оилада кимдир тиббий ёрдамга муҳтож бўлганлиги ҳақида хабар беришган.

Респондентларнинг 55% харажатлар ўзгарганлиги борасида таъкидлашган. Уларнинг 60%да даромадлари каби сарф-харажатлари ҳам ўртача даражадан ошган. Тахминан 40% харажатлар қисқарганлигини маълум килишди (23% «ўртача» ва 77% «сезиларли» даражада қисқарган). Уларнинг аксарияти кам таъминланган кишилардир.

Жойларда товарларнинг танқислиги билан боғлиқ вазият яхшиланди. Май ойида, респондентларнинг 6%га яқини апрель ойи (16%) билан таққосланганда, уларнинг ҳудудида маълум товарлар сотилмаётганини айтишган. Ушбу маҳсулотлар орасида кўпинча озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса нон ва ун танқислиги айтилган.

Ўз ҳудудларида дори-дармон воситалари ва ниқоблар сотувда йўқлиги ҳақида хабар берганларнинг улуши апрель ойида 5%дан май ойида сезиларсиз даражагача камайди.

Турмуш тарзи

Иштирокчиларнинг 79% COVID-19 тарқалиши билан турмуш тарзининг ўзгариши ҳақида хабар беришди. Одамларнинг ҳатти-ҳаракатларидаги энг кўп учраган ўзгаришлар қуйидагилар: ниқоб тақиш (95%), оила ва дўстлар ташрифининг қисқариши (84%), қўлларни тез-тез ювиш (83%), қўл бериб кўришиш / саломлашиш камайиши (82%), ижтимоий масофа сақлаш (72%), уйдан ташқарида иш вақтининг қисқариши (51%), ўз-ўзини яккалаш / карантин (19%). Май ойида оммавий йиғилишларда иштирок этганлиги ҳақида хабар берган респондентлар сони эса нолга яқин.

Болалар учун таълим

Май ойида барча мактаблар ёпиқ бўлишига қарамай, деярли барча мактаб ёшидаги болалар маълум таълим ёки ўқув машғулотларида қатнашдилар (97%). Респондентларнинг кўпчилиги (69%) ушбу машғулотларни маъқуллаган, 8% эса қониқишмаган.

Телевизион таълим дастурлари болалар учун ўқув машғулотларининг асосий қисмини ташкил этди, буни талабаларнинг 87%га яқини кўрсатишди. Ўқувчиларнинг тахминан 6% учун мобил ўқув иловалари асосий ўрганиш услуби бўлган, яна 5% репетиторлик ёки ўқитувчилар томонидан берилган топшириқлардан фойдаланиш орқали таълим олишган.

Уй хўжаликларида телевизор ва телевизион дастурларнинг юқори даражада мавжудлиги (91%дан ортиқ) бундай ўқитиш тизимининг оммабоп эканлигини кўрсатиб берди. 70% уй хўжаликларда смартфонлар мавжуд эди ва деярли ярми мобил интернет тизимига уланган. Респондентларнинг 17,5% шахсий компьютерга ёки ноутбукка, 8% уй интернет тизимига уланишган.

Ислоҳотлар борасидаги фикрлар

Коронавирус инфекциясининг тарқалиш даври, мамлакат сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишнинг тўғри йўлида эканлигига «тўлиқ рози» бўлган респондентларнинг улуши ўсган даврга тўғри келди. Бундан ташқари, ушбу фикрга «рози бўлмаган» иштирокчилар деярли мавжуд эмас.

Ҳукуматнинг фуқаролар билан очиқ мулоқотда бўлганлигини тасдиқлаган респондентлар сони қарийб 95%ни ташкил этди.

Деярли барча респондентлар COVID-19 пандемиясининг оила аъзолари учун юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий оқибатларидан хавотирда, аммо улар мамлакатнинг кейинги иқтисодий ҳолати яхшиланишига ишонишади.

Ушбу тадқиқот «Ўзбекистон фуқароларини тинглаш» лойиҳаси доирасида олиб борилган бўлиб, унинг мақсади фуқароларнинг фаровонлигини баҳолаш ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жамоатчилик фикрини ўрганишдир.

Мазкур лойиҳа мамлакат миқёсида ҳар ойда 1500 хонадонни гуруҳли ўрганиш орқали амалга оширилади. 2019 йилдан бери 21 та сўров ўтказилди. Сўнгги сўров 21 май куни ўтказилган.

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
329 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:
Об авторе:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить