Бизнес ва аҳоли қўшимча қўллаб-қувватланади

Иқтисодиёт ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан қўшимча равишда 2 трлндан ортиқ маблағ йўналтирилади

ФОТО: Баходир Саидов

Шавкат Мирзиёев 13 майда карантин талабларини юмшатиш борасидаги видеоселектор йиғилишини ўтказди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Президент пандемия шарт-шароитларида ишбилармонлар ва аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида берилган имтиёзлар билан чекланиб қолмаслигини ва давом эттирилишини таъкидлади.

Биринчидан, кичик бизнес ва фермер хўжаликлари учун социал солиқ ставкаси май-июль ойларида 12%дан 1%гача камайтирилади. Натижада 260 мингдан ортиқ корхоналар ва фермер хўжаликлари умумий ҳисобда 650 млрд сўмни тежаб, ундан капитал ва айланма маблағлар сифатида фойдаланишлари мумкин бўлади.

Иккинчидан, кичик бизнес вакиллари ва хусусий тадбиркорлар ер солиғи ва мол-мулк солиғидан келгуси уч ой давомида озод бўлишади. Бунинг натижасида 50 мингдан ортиқ тадбиркорлар 300 млрд сўмни тежаб қолишади, уларнинг айланма маблағлари эса кўпаяди.

Шунингдек, олдинги қарорга кўра, апрель-май ойларида 1000дан ортиқ ишбилармонлардан ер ва мулк солиқлари тўловидан кечиктирилган 80 млрд сўм пенялар бекор қилинади.

Учинчидан, тадбиркорларга 120 кунгача бўлган муддатга божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилади. Бу уларга 540 млрд сўмни тежаб қолиш ва бу маблағни ўз бизнеслари ривожланишига сарфлаш имконини беради.

Тўртинчидан, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан қўшимча 200 млрд сўм ажратилади, бу яна 70 минг ёки 10% кўпроқ оилаларга нафақа тайинлаш имконини беради.

Бешинчидан, аввал давлат томонидан инвестицион кредитларнинг 22%гача бўлган ставкаси бўйича фоиз тўловлари қисман қопланган бўлса, эндиликда 26% ставкали тўловлар ва кредитлар бўйича қисман қопланади.

Бундан ташқари, тадбиркорларга айланма маблағларини тўлдириш учун берилган 500 млрд сўмгача (авваллари – 10 млрд сўмгача) кредитлар бўйича компенсация суммаси 5%дан 10%гача оширилади.

Олтинчидан, Тошкент шаҳрида Андижон, Наманган ва Фарғонада жорий этилган аҳолини турар-жой қурилиши ва таъмири учун кредитлаш амалиёти қўлланилади. Бу пойтахтда 10 мингга яқин мавсумий иш ўринларини яратиш имконини беради.  

Еттинчидан, мамлакатимиздаги корхоналарда махсулотларга ички талабни ошириш мақсадида давлат ташкилотларига жорий йилнинг III-IV кварталларида амалга ошириш режалаштирилган харидларни II кварталда амалга ошириш ҳуқуқи берилади.

Умумий ҳисобда иқтисодиёт ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан қўшимча равишда 2 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
382 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить