Сайёрамизни пластик чиқиндилар «вируси» қамраб олди. Бунинг оқибатлари қандай бўлади?

COVID-19 пандемияси пластик чиқиндилар ҳажмининг кескин ортиши атроф-муҳит тозалигига янада жиддий хавф солмоқда

ФОТО: P_galasso2289 / Shutterstock

COVID-19 пандемияси пластик чиқиндилар ҳажмининг кескин ортишига олиб келди. Бу эса сўнгги йилларда шусиз ҳам муаммолар гирдобида қолиб кетган атроф-муҳит тозалигига янада жиддий хавф солмоқда.

Коронавирус пандемияси бошланиши билан фойдаланилган пластик, шу жумладан, пластик чиқиндилар миқдори сезиларли равишда ошди. Бунинг устига жуда катта миқдордаги ниқоб ва қўлқоп каби шахсий ҳимоя воситаларидан иборат чиқиндилар ҳам қўшилиб, бу она-табиат ва экология хавфсизлигига салбий таъсир ўтказиши мумкин.

Ниқоб ва қўлқоплар чиқинди сифатида

COVID-19 пандемияси ва у билан боғлиқ карантин чоралари атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндилар миқдори кескин камайишига олиб келди. Шу билан бирга пандемиянинг бошқа таъсирлари атроф-муҳит учун самарали бўлди, дейишдан йироқмиз – пластик буюмлардан фойдаланиш, жумладан, пластик чиқиндиларнинг сезиларли равишда ортишига олиб келди. Хатто пластик қадоқларга қарши курашиб келадиган ривожланган мамлакатларда ҳам. Бир марта ишлатиладиган ниқоблар ва қўлқоплардан фойдаланиш зарурияти, онлайн-савдо ҳажмининг ошиши ва озиқ-овқат етказиб бериш хизматининг ривожланиши, пластик идишдаги сув ва бир марталик идишлардан фойдаланиш бундай турдаги чиқиндиларнинг ошиб кетишига сабаб бўлди.

Пластик чиқиндилар миқдори қанчалик ошганлиги борасида аниқ маълумотлар ҳозирча йўқ. Бироқ чиқиндилар бўйича халқаро ассоциация маълумотига кўра, АҚШ мамлакатида пандемия бошланиши билан бир марталик пластик қадоқлардан фойдаланиш миқдори 250-300%га ошган.

Ўз навбатида Grand View Research тадқиқотлар компанияси маълумотлари бир марталик ниқоблар бозори ҳажми ҳам кўпайганлигидан далолат беради – ўтган йили унинг миқдори $800 млнни ташкил этган бўлса, компания башоратлари бўйича жорий йилда бу рақам $166 млрдга етади. Португалиянинг Авейру университети олимларининг Environment Science and Technology журналида июнь ойининг ўрталарида берган маълумотларида пандемия пайтида сайёрамизда ҳар ойда 129 млрд ниқоб ва 65 млрд қўлқоплар ишлатилганлиги келтирилган.

Апрель ойининг сўнгида Ёввойи Табиат Бутунжаҳон Жамғармаси (WWF) Турин Политехника университети олимларининг маълумотларини келтирди ва унда биргина Италияда карантин чораларининг юмшатилганидан сўнг бир ойга деярли 1 млрд дона ниқоб ва 500 млн дона қўлқоп зарур бўлиши ҳақида ҳисоблаб чиқилган. WWFда таъкидлашларича, бундай ҳимоя воситаларининг бор-йўғи 1% табиатга нотўғри ташлаб юборилиши натижасида бу атроф-муҳитни ҳар ой 10 млн дона ушбу воситалар билан ифлослантиришига олиб келар экан.

Бир марталик савдо

Пандемия пайтида Интернет-савдонинг оммавийлашуви ҳам атроф-муҳитнинг пластик чиқиндилар билан ифлосланиши тобора кўпайиб боришига олиб келаяпти, чунки бундай ҳолатларда барча буюм ёки махсулотлар пластик қадоқларга жойланади, кўпинча уларни етказиб беришда хавфсизлигини таъминлаш учун кўп қаватли пластик пленкалар билан ўралади. Петерсон номли Жаҳон Иқтисодиёти институти маълумотларига кўра, биргина Хитойнинг ўзида йилнинг биринчи чорагида барча товар-махсулотларнинг тўртдан бир қисми онлайн савдолар орқали харид қилинган. Март ойида Европа ва АҚШда кескин карантин чоралари кўрила бошлангач, Amazon компаниясининг дунё бўйлаб ташриф буюрувчилари сони 65%га ошиб, 2,5 млрд кишига етган. Айнан шу нарсани озиқ-овқат етказиб бериш саноати бўйича ҳам айтишимиз мумкин – биргина АҚШнинг ўзида пластик идишлар ва контейнерларга қадоқланадиган йирик Uber Eats озиқ-овқатлар етказиб бериш тармоғининг дастлабки кварталдаги савдолари 54%га ошган.

Дунё пластик океани

Пластик чиқиндиларнинг кескин ошиши айниқса ифлосланиш даражаси ҳақида сўнгги йилларда кўп гапирилаётган океанларнинг ички муҳитига салбий таъсир ўтказиши мумкин. БМТнинг маълумот беришича, ҳар йили дунё океанларида 13 млн тонна пластик чиқиндилар пайдо бўлар экан. Денгизлар миқёсида ҳисоблайдиган бўлсак, биргина Ўртаер денгизига 570 минг тонна пластик ташландиқлар ташлаб юборилади. Уммоннинг баъзи қисмларида олимлар балиқлардан кўра пластик чиқиндилар кўпроқ учрашини қайд этишган.

Ocean Asia табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти февраль ойида Гонконгга яқин бўлган Соко оролларида пластик чиқиндилар билан биргаликда жуда кўп миқдорда фойдаланиб бўлинган бир марталик тиббий ниқоблар уюмлари борлигини хабар берган эди. Ташкилот асосчиларидан бири Гэри Стоукснинг сўзларига кўра, узунлиги 100 метрни ташкил этган биргина пляжнинг ўзида у 70 дона фойдаланиб бўлиб ташлаб юборилган шундай ниқобларни учратган.

- Тиббиёт ўнлаб йиллар давомида бир марталик хирургик ниқоблардан самарали фойдаланиб келган ва бу чиқиндилардан қайта фойдаланиш дастури бўйича ҳеч қачон атроф-муҳит тозалигига хавф солмаган. Аммо коронавирус авж олиши билан биз ниқоблардан оммавий равишда фойдаланиш бошланганига гувоҳ бўлдик. Уларни ҳар куни тақиб юриш ва ечиб ташлаш натижасида кўчалар ниқоблар чиқиндиларига тўлиб кетди. Айнан шундай манзарага биз дунё океанларида ҳам дуч келаяпмиз, - дея таъкидлади Стоукс.

Ocean Conservancy ташкилоти олимлари эса бир марталик пластик буюмлардан кенг қўламда фойдаланиш сўнгги йилларда океанларнинг ифлосланишига қарши кураш чора-тадбирларининг барчаси беҳуда бўлишига олиб келиши мумкинлигини айтиб ўтишди.

- Пандемия барчамизга чиқиндиларни қайта ишлаш ва йўқотиш тизимлари қанчалик муҳим эканлигини кўрсатиб берди ва биз керак бўлмаган бир марталик пластик буюмларга эҳтиёж сезганимизда ушбу тизимлар осонлик билан керагидан ортиқча юкланганлигини кўраяпмиз, - дейилган Ocean Conservancy баёнотида.

Франция денгизларида чиқиндиларни йиғиш билан шуғулланадиган Operation Mer Propre ноҳукумат ташкилоти ҳам сув ҳавзаларига жуда кўп миқдорда ташлаб юборилган ниқоблар, қўлқоплар ва дезинфекция воситалари мавжудлигини қайд этган. Ташкилот раҳбари Лорен Ломбар фақатгина Францияда апрель ойининг ўзида ҳукумат 2 млрд дона бир марталик тиббий ниқобларга буюртма берганлигини ҳисобга олсак, тез орада Ўртаер денгизида ниқоблардан иборат чиқиндилар медузалардан кўра кўпроқ бўлиши хавфи борлигини айтиб ўтди.

Юкоридаги фикрлар ва фактлар, пандемия боис пластик буюмлардан фойдаланиш ва бунинг натижасида бу турдаги чиқиндиларнинг ортиб бориши ҳамда унинг атроф-муҳит тозалигига салбий таъсир кўрсатиш даражаси ўзининг критик нуқтасига етиб келганлигини кўрсатади. Бу табиийки, инсониятни хавотирга солмоқда. Ушбу муаммолар дунё ҳамжамияти эътиборини тортиши ва тегишли ташкилотлар томонидан зудлик билан керакли чоралар кўрилишига ундаши лозим.

 

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
213 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить