Афғонистон чарм-пойафзал ва қоракўлчилик соҳасини ривожлантиришда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади

«Ўзчармсаноат» уюшмаси ва Афғонистон чарм-пойафзал саноати вакиллари ўртасида видеомулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА. Онлайн анжуманда Ўзбекистон томонидан «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси ўринбосари Ф.Нурмуҳаммедов, Ўзбекистон Республикасининг Кобулдаги элчиси Ё.Шодмонов, Мазори-Шариф шаҳридаги консули Ж.Фаттоев, Афғонистон томонидан Афғонистон савдо ва инвестициялар палатаси раиси ўринбосари Ш.Атоий, Афғонистон савдо ва инвестициялар палатаси раиси ўринбосари Х.Майел, Афғонистон халқаро савдо палатаси раиси Ҳ.Фазли, Афғонистон савдо ва инвестициялар палатаси Балх вилоят бўлими раиси А.Юнусий, Афғонистон пойафзал ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раиси М.Жомий ва  ушбу соҳасида фаолият юритувчи бир қатор хусусий ширкатлар раҳбарлари  иштирок этишди. Музокаралар аввалида мамлокатимиз элчиси сўнгги йилларда икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва келажаги борасида атрофлича маълумот берди.  

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Афғонистонда 630дан зиёд давлат ва хусусий ширкатлари фаолият юритиб, улар томонидан ҳар йили 21 млн жуфт пойафзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, йилига 42 миллион жуфт пойафзал учун тайёр чарм маҳсулотларига мамлакатда эҳтиёж мавжуд. Афғонистонда йилига 1,1 млн дона ҳайвон териси тайёрлаш имкони мавжуд. Бу соҳада фаолият юритган фабрика ва заводлар эса маънан эскирган. Натижада, Афғонистонда етиштирилган ҳайвон териларининг 90% қайта ишлаш учун хорижий давлатларга, жумладан Покистонга жўнатилади. Қайта ишланган хом ашё эса Афғонистонга бир неча баробар қиммат нархларда қайтариб олиб кирилади.

Таъкидланишича, Афғонистон тижоратчилари томонидан ҳар йили хорижий давлатлардан қарийб 18 млрд афғоний ($233,4 млн) миқдорида пойафзал импорт қилинади. Афғонистонда етиштирилган тери маҳсулотларини қўшни Ўзбекистон корхоналарида қайта ишлаш ва Афғонистонга олиб кириш нисбатан арзонга тушади ва мамлакатда қўшимча иш ўринлари яратишга имкон яратади. Қоракўл териларини хорижий давлатлар бозорларига замонавий  стандартлар асосида етказиб беришда ҳам муаммолар мавжуд ва бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги тадбир иштирокчилари томонидан таъкидланди.

Афғонистонлик мутахассис ва ишбилармон доиралари вакилларининг чарм-пойафзал ва қоракўлчилик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қатор таклифлари Ўзбекистон томонига тақдим этилди.

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
22879 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить