Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтингида 30 поғонага кўтарилди

Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва Корнелл университети томонидан Глобал инновацион индекс рейтингининг навбатдаги 2020 йил 13-сони «Инновацияни ким молиялаштиради?» мавзусида эълон қилинди, дея хабар қилмоқда Инновацион ривожланиш вазирлиги. Ўзбекистон сўнгги маротаба 2015 йил ушбу халқаро рейтингда 140 дан ортиқ давлатлар ичида 122 ўринни эгаллагани эди. 2020 йилда Ўзбекистон 131 дан ортиқ дунё мамлакатлари ичида 93 ўринни эгаллади.

2020 йилда 80 та кўрсаткичдан иборат Глобал инновацион индекс рейтингида Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида институционал ривожланиш (Institutions), инсон капитали ва илмий тадқиқот фаолияти (Human capital & research), инфратузилма (Infrastructure), билим ва технологиялар самарадорлиги (Knowledge & technology outputs) ва ижодий самарадорлик (Creative outputs) каби йўналишлардаги индикаторларда ижобий натижаларга эришганини кўриш мумкин. Шу ўринда Глобал инновацион индекс рейтингида етакчилик қилаётган, республикамизга қўшни бўлган ва бошқа айрим давлатлар иқтисодиётининг ҳам 2020 йилда эришган натижаларини келтирамиз. Швейцария — 1-ўрин, Россия – 47-ўрин, Қозоғистон – 77-ўрин, Қирғизистон – 94-ўрин, Тожикистон – 109-ўринни эгаллаган.

Маълумки, Ўзбекистон Президентининг ПФ-5544-сонли «2019–2021 йилларда Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш стратегияси тўғрисида»ги фармонида асосий вазифалардан бири этиб 2030 йилга қадар республикамизни Глобал инновацион индекс баҳолаш рейтингида етакчи 50 та давлат қаторига киритилиши белгиланган. Глобал инновацион индекс 15 та халқаро индекслар, 4 та Жаҳон иқтисодиёт форуми (World economic forum) томонидан олиб бориладиган сўровномалар ва 61 та кўрсаткичларга тегишли миқдорий статистик маълумотлардан ташкил топган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистоннинг 2020 йил Глобал инновацион индексга киритилишида яқиндан ҳамкорлик қилган барча вазирлик ва идораларга ҳамда хорижий ташкилотларнинг мамлакатдаги барча расмий ваколатхоналарига, хусусан, Молия вазирлиги, Марказий банк ва Давлат статистика қўмитасига ўз миннатдорчилигини билдирган.

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
1259 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить