Тўй-маросимлар ўтказиш тартибини бузганлар учун аниқ жарима миқдори маълум бўлди

25 февраль, сешанба куни, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда 11 та масала кўриб чиқилди дея хабар бермоқда daryo.uz. Йиғилишда парламент аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Лойиҳа Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенатнинг 2019 йил 14 сентябрдаги қўшма қарори билан тасдиқланган «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ихчам ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури»га асосан тайёрланган.

Қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган мазкур қонун лойиҳаси билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талабларни бузганлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Мажлисда маълум қилинишича, ушбу тартибга риоя қилмаган тадбирларни ўтказувчи шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (2 230 000 сўм) миқдорида жаримага тортилиши режалаштириляпти. Бу тартибни бузган тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахсларига эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (6 690 000 сўм) миқдорида жарима солиш белгиланмоқда.

ФОТО: O'zA

Агар тўй-маросимларни ўтказиш тартибини бузиб, жарима тўлаган фуқаролар ва юридик шахслар бир йил давомида такрор белгиланган талабларга риоя қилмаса, улар базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (11 150 000 сўм) миқдорида жаримага тортилиши назарда тутиляпти.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Йиғилиш якунида мазкур қонун лойиҳаси 3 ойдан сўнг кучга кириши таъкидланди.

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
276 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить