Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиев оламдан ўтди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиев оламдан ўтди

Ўзбек дубляжининг энг ёрқин вакилларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиев 64 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати маълумотига таяниб  dayo.uz хабар бермоқда. Таниқли кино, театр ва дубляж актёри 1956 йилда Бухорода туғилган. 1973—1977 йилларда Тошкент давлат Санъат институтида таҳсил олган.

1976 йилда Аброр Ҳидоятов театрида иш бошлаган. 1987 йилдан Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик театрида фаолиятини бошлаган.

Актёр шоир Азим Суюннинг «Сарбадорлар» асарида Абу Бакр Калавий, Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон» асарида Хожа Аҳмад Яссавий, Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» спектаклида Солиҳ маҳдум, Иброҳим Содиқовнинг «Афандининг беш хотини» спектаклида Афанди, Ҳайитмат Расулнинг «Пири коинот» спектаклида Аҳмад Фарғоний, Шекспирнинг «Қирол Лир» асарида граф Глостер, Александр Косанонинг «Етти фарёд» спектаклида Сабало каби ўнлаб ранг-баранг ролларни ижро этган.

ФОТО: «Ўзбеккино» матбуот хизмати

Оғир хасталик туфайли театрдан кетишга мажбур бўлган. Аммо ижоддан тўхтамай, турли теле ва радиолойиҳаларда мунтазам иштирок этган.

Ғайбулла Ҳожиев «Уқубат», «Шаббона», «Умид», «Оқпадар» каби кўплаб фильмларда турли ролларни ижро этган. Актёр «Шайтанат» телесериалида Аҳмадбей ролини ўйнаган.

Ғайбулла Ҳожиев дубляж соҳасида ҳам самарали меҳнат қилган бўлиб, актёр овоз берган қаҳрамонлар халқимиз қалбидан чуқур жой олган.

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
320 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить