Спорт ва реклама ҳамкорлиги. Юлдузлар рекламадан қанча даромад олишади?

Сўнгги йилларда спорт юлдузларининг асосий даромад манбаи реклама шартномалари бўлиб келаяпти

ФОТО: Marcos Mesa Sam Wordley / Shutterstock

Аксарият спорт юлдузларига йирик миқдордаги пул маблағларини ишлаб топиш учун тўп тепиш, узоқ масофаларга югуриш ёки рақиблар билан кураш тушишга ҳожат йўқ. Сўнгги йилларда реклама шартномалари уларнинг асосий даромад манбаи бўлиб келаяпти.

Спорт ва реклама олами ўзаро ҳамкорлигининг бошланиш тарихи узоқ 1920 йилларга бориб тақалади. Америкалик таниқли бейсболчи Рут Бэйб бу борадаги дастлабки «кашфётчи»лардан бири ҳисобланади. У либосларни ишлаб чиқаришни бошлаган ва ўз компаниясининг тимсолига айланиб, бу борада ўзига хос янгилик яратган.

Спортчилар учун узоқ вақт мобайнида реклама шартномаларидан ишлаб топилган маблағ асосий маошларига қўшимча даромад манбаи бўлиб келган. Аммо 1984 йилда Майкл Жордан бу фикрни тўлиқ ўзгартиришга муваффақ бўлди. Афсонавий баскетболчи Nike компанияси билан беш йиллик реклама шартномасини имзолади ва бунинг эвазига $7 млнга эга бўлди. Шу тариқа Жордан ўша пайтдан бошлаб спорт юлдузлари ва таниқли брендлар ўртасидаги «олтин келишув»ларга айланадиган бу ишнинг ўзига хос боғловчиси вазифасини бажариб берди. Кейинги ўн йилликларда рақамларидаги ноллар сони бизни лол қолдирган йирик шартномалар гувоҳига айландик. Спортчиларнинг асосий даромад манбаи ишонч билан реклама соҳаси томонга бурилди.

Теннисчи Рожер Федерер жаҳон спорти тарихидаги энг йирик реклама шартномаларидан бирининг соҳиби ҳисобланади. «Улкан тож» туркумидаги мусобақаларнинг 20 карра соҳиби 2018 йилда Япониянинг нуфузли Uniqlo бренди билан реклама шартномасини имзолади. Ўша йилги Уимблдон турнирида Федерер Uniqlo либосларида кортга тушган. Рожер бугунги кунгача япон компаниясининг тимсоли бўлиб келаяпти. Ўн йилга мўлжалланган шартнома бўйича Федерер йилига $30 млн ва умумий ҳисобда $300 млнга эга бўлади. Жаҳон тенниси юлдузи бунгача Nike компанияси билан ҳамкорлик қилиб келган.

Миллий Баскетбол Ассоциациясининг энг ёрқин юлдузлардан бири Стефен Карри Forbes рейтингига кўра энг юқори иш ҳақи оладиган спортчилар орасида 9-ўринни эгаллаган. «Голден Стэйт» клуби етакчиси шартнома бўйича $34,9 млн йиллик маошга эга. Унинг реклама фаолиятидан оладиган даромади эса $42 млнга тенг эди. Карри Under Armour компанияси билан келишув бўйича $20 млнни қўлга киритади. Бу спорт ва модалар олами тарихидаги энг йирик гонорарлардан бири бўлиб қолган.

Яна бир машҳур баскетболчи Леброн Жеймс фаолияти давомида $272 млн маошга эга бўлган. Журналнинг 2018 йилги энг сердаромад спортчилар рейтингида 8-поғонани банд этган. Унинг йиллик даромади $89 млнни ташкил этган, бу сумманинг $53 млнни реклама шартномалари олиб келади. Леброн даромадининг асосий қисмини Nike билан имзолаган келишуви ташкил қилади. Жеймс МБА оламига дастлабки қадамларини қўйган йиллардаёқ миллионерга айланган, у билан Adidas, Reebok, Nike каби бирйўла уч нуфузли брендлар реклама шартномаларини имзолаш орзусида бўлишган. Ёш юлдуз охир-оқибат Nikeни танлаган. Маълумотларга кўра, компания Леброн билан умрбод шартнома имзолаган ва келишув якунига келиб, баскетболчининг умумий гонорари $1 млрдга етиши мумкин!

Криштиану Роналду ҳам жаҳоннинг энг сердаромад спортчиларидан бири эканлиги сир эмас. Сўнгги рейтингда учинчи ўринни эгаллаган машҳур футболчи дунёнинг энг сара брендлари орасида доимо «талаш» бўлиб келган. Португалиялик юлдуз ҳам Nike билан умрбод шартномага келишган. Бунинг эвазига компания Роналдуга йилига $17,8 млн тўлайди. Айнан Nike билан келишув, қолаверса EA Sports, Herbalife, American Tourister каби бошқа бир қатор реклама шартномалари унинг энг бадавлат футболчига айланишини таъминлайди.

Америкалик гольфчи Тайгер Вудс 2009 йилда ўз рафиқасига хиёнат қилганлиги билан боғлиқ машмашага қадар жаҳон спортида $1 млрд ишлаб топган дастлабки спортчи бўлиш учун ишонч билан қадам ташлаб бораётганди. Ўша пайтда Nike билан шартномаси энг йирик спорт келишуви сифатида эътироф этилган, беш йиллик шартнома бўйича унинг ҳисоб рақамига йилига $40 млн келиб тушарди. Тайгернинг ўзи реклама берувчилар учун энг талабгор спортчилардан бири ҳисобланарди. Гарчи жанжал туфайли гольфчи бир неча шартномаларидан маҳрум этилган бўлсада, Nike ва EA Sports ундан юз ўгиришмади. Вудснинг молиявий ҳолати эса йилдан йилга ошиб борди. Натижада 2018 йилга келиб бу рақам $1,5 млрдга етди! Бу сумманинг бор-йўғи 10%ни бевосита спорт орқали ишлаб олган даромади ташкил этган бўлса, қолган қисмини унга реклама фаолияти олиб келди.

Аргентиналик футбол юлдузи Лионель Месси яна бир умрбод реклама шартномаси соҳиби саналади. «Барселона» форварди Adidas компанияси билан 2006 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. 2017 йилда мазкур шартнома узайтирилди. Аввалги келишув бўйича Adidas футболчига йилига $19 млн тўларди. Янги шартнома бўйича эса бу сумма яна ошган. Барча даврларнинг энг яхши футболчиларидан бири билан шартнома имзолаш орзусида бўлган компаниялар навбатда туришади. Унинг реклама фаолиятидан ишлаб топган сўнгги йиллик даромади $27 млнга тенг бўлган.

 

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
355 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить