Соатига миллион доллар! Жаҳон спортидаги рекорд шартнома муаллифи ким?

Пандемия сабаб спортчиларнинг даромадлари тушиб кетгани билан ўтган ҳафтада жаҳон спортида ярим млрдлик шартнома имзоланди

ФОТО: Jamie Lamor Thompson / Shutterstock

Кўпчилик мутахассислар коронавирус эпидемияси сабабли спортчиларнинг даромадлари тушиб кетишини башорат қилишганди, аммо кутилмаганда бунинг тескариси рўй берди. Ўтган ҳафтада жаҳон спортида энг йирик – ярим млрдлик шартнома имзоланди! Унинг муаллифи американча футбол вакили бўлди.

Ўн йил учун ярим миллиард!

Спортнинг ушбу тури бўйича АҚШнинг «Канзас Чифс» жамоаси аъзоси Патрик Махоумс янги ўн йиллик шартномага имзо чекди ва бунинг эвазига умумий ҳисобда $503 млнга бойийди. У эндиликда майдонда ўтказган ҳар бир соати учун $1 млнга эга бўлади! Бу жаҳон спортидаги янги рекорд шартнома ҳисобланади. Олдинги рекорд «Лос-Анжелес Энжелс» бейсболчиси Майк Траутга тегишли бўлиб, у 2019 йилда 12 йилга мўлжалланган $430 млнлик шартнома имзолаган эди.

Эндиликда янги рекордчи ҳисобланадиган Патрик Махоумснинг сердаромад шартномаси ҳатто баскетболчилар Майкл Жордан ва Шакил О‘Нил, боксчилар Майк Тайсон ва Флойд Мейуезер, теннисчилар Рожер Федерер ва Рафаэль Надаль, футболчилар Криштиану Роналду ва Лионель Месси каби спорт юлдузларининг ҳам ухлаб тушларига кирмаган.

Патрик Махоумс ўзи ким?

Жаҳон спортининг рекорд шартномаси муаллифи – Патрик Махоумс. У 24 ёшда. Американча футбол бўйича «Канзас Чифс» клубида квотербек сифатида фаолият юритади. Квотербек – спортнинг ушбу турида асосий амплуа бўлиб, у асосий футболдагидек диспетчер вазифасини, яъни ўйинни майдон марказида назорат қилиб, асосан тўпларни етказиб бериш билан машғул бўлади. Айнан квотербек ёрдамида жамоа бош мураббийи ўйинни бошқаради ва у орқали кўрсатмаларни бошқа аъзоларига етказади. Квотербек деярли ўйновчи мураббий вазифасини бажаради, десак ҳам муболаға бўлмайди. Улар бошқа амплуадаги ўйинчилардан фарқли жуда катта маош олишади. Сўнгги йиллардаги энг таниқли квотербеклар қаторига Дрю Бриз, Пейтон Мэннинг ва Том Брэйдини эътироф этиш мумкин.

Етакчилардан бири

Патрик Махоумсда улар билан бир сафда туриш учун яхши имконият мавжуд. Бугунги кунда у бу спорт турининг етакчи вакилларидан бири саналади. «Канзас»даги дастлабки мавсумида заҳира ўйинчиси сифатида қараларди. Аммо кейинги икки йилни юксак савияда ўтказиб, лиганинг асосий юлдузларидан бирига айланди. Бу пайт давомида Патрик 38 тачдаун ёки оддий қилиб айтганда, самарали тўп узатмани амалга оширди.

Статистикларнинг ҳисоблашларича, Махоумс ҳозирги ўйин суръатини сақлаб қолса, шартномаси якунига келиб унинг ҳисобида 532 тачдаун мавжуд бўлади. Бу феноменал кўрсаткич! Ўтган йил Патрик «Канзас»ни чемпионлик сари бошлаб келди – Супербоул (футбол бўйича Чемпионлар Лигаси ёки хоккейдаги Стэнли Кубоги финали каби) ҳал қилувчи учрашувида Махоумс етакчилигидаги канзасликлар «Сан-Франциско»дан устун келишди, қаҳрамонимиз эса энг яхши ўйинчи совринига эришган эди.

Бир йилга 50,3 млн!

Американча футболда ўйинчининг фаолияти ўртача олти-етти йилга чўзилади. Бироқ квотербеклар узоқроқ вақт ўйнашади, чунки улар ўйинлар пайтида жисмоний куч ишлатиладиган жараёнга камроқ «жалб қилинган» бўлишади. Боз устига улар асосий тўп узатувчи бўлганликлари учун бутун жамоа аъзолари уларни ҳимоя қилишга уринишади. Шундай бўлсада, «Канзас Чифс» ўз етакчисига 10 йилга, яъни 2031 йилгача имзолаган бундай узоқ ва йирик шартнома бўйича $503 млн таклиф қилганлиги ақл бовар қилмас ҳолат. Бу Махоумснинг йилига ўртача ҳисобда $50,3 млн маошга эга бўлишини англатади. Бевосита ўйин пайтини оладиган бўлсак, бир соатлик ўйини учун Патрик $1 млн долларга эга бўлади!

Энг сердаромад спортчи

Келишув бўйича Патрик шартномасининг дастлабки йилида $140 млн олади ва у автоматик равишда жаҳоннинг энг сердаромад спортчисига айланади. Ҳатто Америкада унинг шартномаси суммасини эшитган мутахассислар шок ҳолатига тушиб қолишди. Айниқса бутун дунёда ҳукм сураётган пандемия шароитида ва ҳар қандай соҳада бўлгани каби спортчиларнинг ҳам даромадлари пасайиб кетган бир пайтда бу ақл бовар қилмас шартнома бўлди. Аммо «Канзас» раҳбарияти бунга хотиржамлик билан қарашди – пандемия бир кун келиб тугайди, спорт ва юлдуз эса қолади. Улар Махоумс ушбу сармояларни барибир оқлашига шубҳа қилишмайди.

Ўз тақдирини ўзи ҳал қилади

Шартномаси бандларида клуб Махоумсни унинг розилигисиз бирорта жамоага сотиш ёки бошқа ўйинчиларга алмаштириш ҳуқуқига эга бўлмайди. Унда ўз тақдирини ўзи ҳал қилиши имконияти мавжуд. Бироқ бунинг эвазига «Канзас» ҳам албатта манфаатдор бўлиб, катта фойда кўради. Патрик ҳақиқий истеъдод эгаси, НФЛда унинг даражасидаги ўйинчини топиш мушкул. У ҳар қандай жамоа ўйинини кучайтира олиш қобилиятига эга. Мураббий ҳам, жамоа раҳбарияти ва мухлислари ҳам уни жуда қадрлашади. Патрик ҳали эндигина 24 ёшни қарши олганлигини ҳисобга олсак, бемалол яқин 10 йилни юқори даражада ўтказа олиши мумкин. Ҳатто шартномаси муддати тугагач ҳам у жамоасига фақат фойда келтиришига шубҳа йўқ.

Таққослаш учун…

$503 млн – бу улкан сумма бўлиб, Москва шаҳрида ўртача маош олиш учун оддий ишчининг 65 минг йилдан ортиқ ишлаб беришини ёки 1790 дона янги «Мерседес Геленваген» автомобили харид килинишини англатади. Шунингдек, бу маблағга Марбельяда Конор Макгрегорники каби 335 шоҳона далаҳовлига эга бўлишдан ёки Анжелина Жоли Брэдд Питтга совға қилгани каби 25 кичик орол сотиб олиниши ва Россия пойтахтидаги 2,5 «Открытие Арена» стадиони қурилишидан далолат беради. 

 

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
203 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить