Олимпиада қолдирилди. Унинг иқтисодий оқибатлари қандай бўлади?

Ёзги Олимпиада ўйинларининг пандемияси сабабли қолдирилиши мезбон мамлакат Япония молиявий жиҳатдан катта зарар кўришига олиб келиши кутилмоқда

Халқаро Олимпиада Қўмитаси 24 март куни Токио-2020 Ёзги Олимпиада ўйинларини кейинги йилга қолдириш борасида қарор қабул қилди. Бу қарор мусобақаларнинг барча иштирокчилари, айниқса, спортчилар, ташкилотчи ходимлар ва меҳмонларнинг соғлиғи борасидаги хавфсизлигини таъминлаш доирасида қабул қилинди. Унинг ташаббускори – Япония бош вазири Синдзо Абэ бўлди. Уни ХОҚ ва ташкилот раҳбари Томас Бах қўллаб-қувватлашди. Демак, шу йилнинг 24 июль – 9 август кунлари ўтказилиши режалаштирилган нуфузли мусобақанинг номаълум муддатларга қолдирилиши жиддий иқтисодий оқибатлар ва йирик молиявий йўқотишларга олиб келади. Шу билан биргаликда Олимпия ҳаракатининг бирдамлик ва очиқлик ғояларига ҳам путур етказишига олиб келиши мумкин.    

Март ойининг охирларида Олимпиада спорт оламининг коронавирус пандемияси туфайли қолдирилмай келаётган саноқли мусобақаларидан бири эди. Халқаро Олимпия ҳаракати инсонларни бирлаштириш, сунъий тўсиқларни олиб ташлаш ва тинчлик ўрнатиш борасида хизмат қилишини ҳамда мусобақа ҳар қандай мушкул шароитларда ҳам ўтказилишини барчамиз яхши биламиз. Аммо эпидемия шароитида ўйинларни ўтказиш жаҳон спорт ҳамжамиятини иккига бўлиб юборди. Баъзилар учун бу «ўлат пайтидаги зиёфат» сифатида қаралса, яъни бутун дунё мамлакатлари вирус кенг тарқалишининг олдини олиш учун карантин чораларини қўллаб, йирик спорт мусобақаларни қолдириш кераклигини маъқуллаган бўлишса, бошқалар Олимпиада – бу умумий спорт байрами, у ишонч ва умид, ҳамдўстлик ва бирдамлик тимсоли. У ҳар қандай шароитда ҳам ўтказилиши лозим, деган фикрларни илгари сурган тоифадаги кишилар ҳам кўпчиликни ташкил этди. Замонавий Ёзги Олимпиада ўйинлари ўзининг 100 йилдан ортиқ тарихи мобайнида фақатгина уч маротаба – Биринчи ва Иккинчи Жаҳон урушлари пайтида қолдирилган. Шу сабабли ўйинларнинг пандемия сабабли қолдирилиши – таҳлика ҳамда очиқлик ўртасида ўзаро муросага келишиш сифатида қаралса тўғрироқ бўлади.

Ёзги Олимпиада ўйинларини ўтказиш учун Япония расман $12,6 млрд сарфлади. Дастлаб, бу рақам $6,6 млрдга тенг эди, аммо 2019 йилнинг охирига келиб ушбу кўрсаткич деярли икки баробарга ошди. Ташкилий қўмита Олимпиада ўтказилишига $5,51 млрд сармоя киритди, Токио шаҳрининг бу борадаги сарф-харажатлари $5,46 млрдни ташкил этди, Япония ҳукуматининг ҳиссаси эса $1,37 млрдга тенг бўлди. Бу маблағ Олимпия қишлоғи, янги спорт иншоотларини қуриш ва борларини таъмирлаш, қолаверса керакли инфратузилмани яратиш мақсадларида харажат қилинди. Мусобақани юқори даражада ўтказиш учун ташкилотчилар кенг қўламдаги ишларни амалга оширишди – юқорида келтирилган бунёдкорлик ишларидан ташқари ҳомийлик ва ҳамкорлик шартномалари имзоланиб тўловлар амалга оширилди, тетрансляциялар ҳуқуқи сотиб олинди. Афсуски, Олимпиаданинг қолдирилиши дунёнинг 206 иштирокчи миллий олимпия қўмиталарини ташкил этувчи 11 мингга яқин спортчилар ҳамда миллионлаб мухлисларнинг Токиога ташриф буюриш орзуларини чилпарчин қилди ва ташкилотчиларга миллиардлаб зарарлар етказадиган бўлди.

Олимпиаданинг қолдирилиши биринчи навбатда Япония иқтисодиётига жиддий зарба беради. Унинг молиявий йўқотишлари $5,8 млрддан ошиб кетиши мумкин. Ташкилотчилар бевосита спорт мусобақалари ва туризм орқали $6,4 млрд даромад олишни режалаштиришган эди, аммо энди бу фойданинг келиши ҳам бир йилга ортга сурилди. Олимпиаданинг 2020 йилда ўтказилмаслиги мамлакат ЯИМ йиллик ўсиши даражасини 1,4%га пасайишига олиб келади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, мусобақанинг кейинги йилга қолдирилиши мамлакат ЯИМни 7,8 трлн иенага қисқаришига олиб келади. Бу Япониядек қудратли мамлакат иқтисоди учун ҳам жиддий зарба берилишини англатади. Яна бир муаммо, Олимпиада учун бунёд этилган кўплаб иншоотлар фойдаланишдан тўхтаб қолганлиги боис мамлакат ўз бюджетидан уларнинг мусобақа бошланишига яхши сақланишини таъминлаш учун ҳам катта маблағ сарфлашга мажбур. Рақамлар билан айтилганда, Олимпия қишлоғи ва стадионларни бошқариш, назорат қилиш, қўшимча таъмирлаш учун деярли $210 млн ҳамда жамоатчилик ва коммуникацион алоқалар учун $91 млн миқдорида белгиланмаган харажатлар мавжуд.

NBC телекомпанияси Олимпиада-2020 арафасида $1,25 млрд миқдорида реклама шартномаларини имзолаганди. Гарчи компания суғурта қилинган бўлсада, мусобақанинг кечиктирилиши уларнинг реклама даромадлари йўқотишига олиб келади. Рио-де-Жанейро-2016 Олимпиадасида NBC реклама орқали $250 млн атрофида даромад олган эди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Компанияларнинг ҳомийлик ва реклама шартномаларидан даромадларнинг йўқотилиши жами $4,4 млрдга баҳоланмоқда.

Мусобақанинг кейинги йилга қолдирилиши 11 мингга яқин спортчилар ва 4,4 минг паралимпиячиларнинг тайёргарлигига ҳам таъсир кўрсатади. Улар сўнгги йиллар давомида Олимпиадага тайёргарлик кўриш учун жуда катта вақт, куч ва маблағларни сарф этишган. Уларнинг мураббийлар ва бошқа техник ходимлар, спорт эпикировкаси, транспорт билан боғлиқ харажатлари ҳам анчайин салмоқли. Ҳисоблаб чиқишларича, спортчиларнинг Олимпиада ўйинларига тайёргарлик жараёни умумий ҳисобда $3,56 млрдга баҳоланган. Бу сарф-харажатларни ҳам молиявий зарарлар устунига киритиб қўйишимиз мумкин.

Халқаро Олимпия Қўмитаси ўз навбатида мусобақанинг қолдирилишидан келиб чиққан молиявий йўқотишларни бартараф этиш мақсадида $800 млн ажратди. ХОҚ президенти Томас Бах бу борада уюштирилган телеконференцияда бу қарорни қуйидагича изоҳлади: - Биз коронавирус пандемияси натижасида кейинги йилга қолдирилган Токио Олимпиадасининг молиявий йўқотишлари кўрсаткичларини пасайтириш мақсадида $800 млн маблағ ажратишга қарор қилдик. Унинг $650 млн қисми мусобақани қолдириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун ажратилган бўлса, яна $150 млн умумий Олимпия ҳаракати, миллий федерациялар ва қўмиталар ҳисобига ўтказилади».

Олимпиада энди қачон ўтказилади? Унинг аниқ муддатлари ҳозирча номаълум. Турли саналар таклиф қилинаяпти, аммо якуний бир тўхтамга келингани йўқ. Нима бўлганда ҳам мусобақа кейинги йил бўлса ҳам ўтказилади. Бизда эса уни сабр билан кутишдан бошқа чорамиз йўқ. Умид қиламизики, бу нуфузли спорт байрами кўнглимизга таскин ва қувонч бағишлайди ҳамда бутун спорт ҳамжамияти янада мустаҳкам оёққа туришига, халқларни бирдамлик ва тинчлик йўлида бирлашишига ўзига хос кўприк вазифасини муносиб бажариб беради.

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
481 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:
Об авторе:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить