KPMG: Европанинг етакчи беш лигалари клубларининг молиявий йўқотишлари €4 млрддан ошди

Етакчи лигаларда футболчиларнинг умумий қиймати миллиардлаб еврога тушиб кетиши мумкин

ФОТО: Master1305 / Shutterstock

Европанинг етакчи лигаларида футболчиларнинг умумий қиймати миллиардлаб еврога тушиб кетиши мумкин. Энг яхши вазиятда умумий қиймати €1 млрдга тенг фақатгина битта жамоа қолиши мумкин. Бу ҳақдаги маълумотлар KPMG баёнотида келтирилди. 

Коронавирус пандемияси жаҳон футболида мисли кўрилмаган вазиятни юзага келтириб чиқарди. Кўплаб давлатлар март ойида ўз миллий чемпионат ва кубок мусобақаларини тўхтатишга мажбур бўлишди. Бунинг натижасида жамоалар бошқа соҳаларда бўлгани каби йирик миқдордаги молиявий зарар кўришди. Бу эса ўз навбатида сўнгги йилларда кескин кўтарилиб кетган футболчиларнинг трансфер қиймати сезиларли равишда пасайишига олиб келди.   

KPMG Европанинг 10 футбол лигаси – Германия, Испания, Италия, Франция, Португалия, Голландия, Бельгия, Туркия ҳамда Англиянинг бирйўла икки мусобақаси – Премьер-Лига ва Чемпионшипда пандемия клублар ва футболчиларнинг қийматига қанчалик таъсир ўтказганлигини баҳолади.

Жамоалар сўнгги йилларда янги футболчиларни сотиб олиш учун тобора кўпроқ маблағ сарфлашган эди. Жумладан, Deloitte компанияси маълумотига кўра, 2019 йилда ёзги трансферлар пайтида Англия, Италия, Испания, Германия ва Франция каби етакчи чемпионатларида клублар бу мақсадлар учун €5,5 млрд сарфлашган. Бу бир йил аввалгига нисбатан €900 млнга кўпроқ эканлигини англатади.

Энди эса жамоалар эҳтимол сарф-харажатларни камайтиришларига тўғри келар. KPMGнинг баҳолашича, Европанинг етакчи беш лигалари клубларининг молиявий йўқотишлари €4 млрддан ошиб кетиши мумкин. Мавсум тўхтатилганлиги ва кўплаб ўйинлар ўтказилмаганлиги сабабли жамоалар телетрансляциялар сотуви ҳуқуқи ва чипталар сотувидан тушадиган даромаднинг катта қисмини йўқотишади. Кейинчалик мавсум давом эттирилиши маълум бўлгач ўйинлар стадионларда мухлисларсиз ўтказилди ва бу ҳам жамоаларнинг даромадларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу футболчилар қийматининг кескин тушиб кетишига ҳам замин яратди. Демак, бу лигаларда фаолият юритадиган 4183 нафар футболчиларнинг умумий қиймати €10 млрдга қисқаради (февраль ойига нисбатан 26,5%). Энг яхши тахминлар бўйича бу рақам €6,6 млрдни (17,7%) ташкил этиши мумкин. KPMG мутахассисларининг фикрича, айниқса юлдузлар, ёш ўйинчилар ва узоқ муддатли шартномаларга эга футболчиларнинг трансфер қиймати тушиб кетади.

Февраль ойида бу лигаларда қиймати €100 млндан ортиқ 15 футболчи мавжуд эди, энди эса уларнинг сони камида 8 ва энг яхши тахминлар бўйича 11 тагача қолади. Шу билан биргаликда, KPMG версияси бўйича 20 энг қимматбахо футболчилар рейтинги деярли ўзгармай қолади. Бу рўйхатни ҳамон «Пари-Сен-Жермен» ҳужумчиси Килиан Мбаппе бошқаради, бироқ француз футболчисининг қиймати €225 млндан €177 млнгача тушиб кетиши мумкин.

Янги трансферлар мавсумида футболчиларнинг олди-сотдиси камайиши, шунингдек, трансферлар қиймати ҳам тушиб кетиши кутилмоқда. Клублар кўпроқ футболчиларни ижарага олишлари ёки ўзаро айирбошлаш вазиятлари ҳам ортиши айтилаяпти. Жамоаларнинг умумий қиймати борасида гапирадиган бўлсак, фақатгина бир жамоа – Англиянинг «Манчестер Сити» клубининг €1 млрддан ортик қийматга эга эканлиги маълум бўлди. Пандемияга қадар умумий баҳоси €1 млрддан ортиқ бўлган жамоалар сони учта эди – «Ливерпуль», «Реал» ва «Барселона».  

Жаµоннинг энг қимматбаҳо футболчилари – топ-10

1. Килиан Мбаппе (Пари-Сен-Жермен) – €180 млн.

2. Рахим Стерлинг (Манчестер Сити) – €128 млн.

3. Неймар (Пари-Сен-Жермен) – €128 млн.

4. Садио Мане (Ливерпуль) – €120 млн.

5. Муµаммад Салоµ (Ливерпуль) – €120 млн.

6. Харри Кейн (Тоттенхэм) – €120 млн.

7. Кевин Де Брюйне (Манчестер Сити) – €120 млн.

8. Жейдон Санчо (Боруссия Д) – €117 млн.

9. Лионель Месси (Барселона) – €112 млн.

10. Трент Александер-Арнольд (Ливерпуль) – €110 млн.

 

 

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
220 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить