Евро-2020 қолдирилди. УЕФА қанча зарар кўрди?

Пандемия сабабли УЕФА ҳам, ушбу ташкилотга аъзо Европанинг барча мамлакатлари ҳам йирик миқдорда молиявий зарар кўришди

ФОТО: rafapress / Shutterstock

Бутун оламни қамраб олган коронавирус энг йирик спорт мусобақалари ўтказилишига тўсқинлик қилди. Айнан шу кунларда ўтказилиши режалаштирилган футбол бўйича Европа чемпионати ҳам пандемия сабабли кейинги йилга қолдирилди. Бунинг натижасида УЕФА ҳам, ушбу ташкилотга аъзо Европанинг барча мамлакатлари ҳам йирик миқдорда молиявий зарар кўришди.

Мусобақани ўтказишга имкон қолмади

2020 йилнинг 12 июнь –12 июль кунлари «Қўҳна қитъа»нинг бирйўла 11 та давлатидаги 12 шаҳар стадионларида футбол бўйича Европа чемпионати ўтказилиши белгиланганди. Бироқ қитъада ҳукм сураётган коронавирус пандемияси сабабли нуфузли мусобақа ўтказилиши бир йилга ортга сурилди. УЕФА юзага келган эпидемиологик вазият ва мусобақа иштирокчилари ҳамда меҳмонларининг соғлиғи борасидаги хавфсизлигини таъминланиши лозимлигини инобатга олиб шундай қарорга келди. Табиийки, бу қарор турнир бошланишини орзиқиб кутган миллионлаб мухлисларнинг хафсаласини пир қилганлиги аниқ. COVID-19 Европа мамлакатлари бўйлаб кенг тарқалганлиги туфайли қитъа биринчилигини ўтказишга умуман имкон қолмади.

Йирик молиявий зарар

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мусобақани ўтказишдан тўлиқ воз кечиш нариёқда турсин, ҳатто уни кейинроққа қолдириш ҳам Европа Футбол Ассоциациялари Иттифоқига жуда йирик молиявий зарарни олиб келиши турган гап. Шу жумладан, ташкилотга аъзо 55 мамлакат миллий футбол федерацияларига ҳам.

- Биз яқин кунлар ичида мусобақа қолдирилиши натижасида кўриладиган зарар миқдорини аниқлашни бошлаймиз. Шуниси аниққи, бу юз миллионлаб еврони ташкил этади. Мен аллақачон бу борадаги нотўғри маълумотларга дуч келдим. Гўёки, биз Евро-2020 қолдирилганлиги сабабли лигалар ва клублар бизнинг ташкилотимизга €300 млн тўлашлари керак эканлигини айтган эканмиз. Бу ҳақиқатдан анча йироқ хабар. Биз ҳеч қачон улардан УЕФАга тўловларни амалга оширишлари кераклиги борасида сўрамаганмиз, - деди УЕФА раҳбари Александер Чеферин АР мухбири Роб Харрисга берган интервьюда.

Молиявий йўқотишлар салмоқли

Амалда бу рақамлар УЕФА фойдасига эмас, аксинча зарарига анча йирикроқ кўриниш ҳосил қилиши мумкин. Мисол учун The New York Times мухбири Тарик Панжа УЕФА манбаларига таянган ҳолда €400 млнга тенг рақамни келтиради. Бу ҳам катта сумма албатта, бироқ мусобақа тўлиқ қолдирилганида УЕФАнинг молиявий йўқотишлари анча салмоқли бўларди. 2018 йилнинг февралида ташкилотнинг Братиславада ўтказилган конгрессида мусобақа директори Мартин Каллен Евро-2020дан келиб тушадиган умумий даромад €2 млрдга тенг бўлиши мумкинлигини таъкидлаганди. 2019 йил ноябрь ойида эса Forbes аналитиклари қитъа биринчилигидан олинадиган умумий даромад €2,5 млрдга етиши ҳақида ёзишганди. Таққослаш учун, Евро-2016да бу рақам €1,916 млрдни, 2012 йилги мусобақада эса €1,391 млрдни ташкил этган. Даромадларнинг асосий қисмини аллақачон сотувга чиқарилган 3 млн дона атрофидаги чипталар, Германия, Италия, Нидерландия ва Буюк Британия каби мамлакатларда амалга оширилган янги телетрансляциялар ҳуқуқи сотуви ҳамда йирик ҳомийлик шартномалари ташкил этиши кўзда тутилганди. Бунда УЕФА олиши режалаштирилган соф фойда деярли €1 млрд бўлиши керак эди (Евро-2016да €879 млн, Евро-2012да €669 млн). Шунда УЕФАга аъзо 55 мамлакат футбол ассоциацияларининг ҳар бирига €18 млндан ўтказилиб бериши мақсад қилинган эди.

Шу нарса аёнки, турнир ортга сурилиши туфайли энди бундай кўрсаткичларга эришиб бўлмайди. Бунга бутун курраи заминда нохуш иқтисодий инқироз ҳукм сураётганлиги ҳамда юқорида келтирилган қарор билан боғлиқ йўқотишлар сабаб бўлаяпти. Жаҳон иқтисодиёти тез суръатларда тушиб кетаяпти ва 2021 йилнинг ёзига келиб у қандай аҳволда бўлиши ҳали номаълум. Эҳтимол, кўпчилик ҳомийлар учун Европа чемпионати ўз аҳамиятини анча йўқотиб бўлади. Бунинг натижасида миллий федерациялар УЕФАдан кутаётган пул маблағлари сезиларли равишда камроқ бўлиши ҳам мумкин.

Мукофот жамғармаси қанча?

Мусобақанинг мукофот жамғармасини ҳам ёдимиздан кўтармаслигимиз лозим. Евро-2020 финал босқичига йўлланмани кўлга киритган терма жамоалар учун ҳам УЕФА томонидан алоҳида бюджетлар белгиланган эди. Эндиликда жамоалар бу бонусларни камида бир йил кутишларига тўғри келади. Бу суммалар эса анча салмоқли. 2020 йилги Европа чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси €371 млн этиб белгиланган эди. Бу тўрт йил аввалги мусобақага нисбатан €70 млнга кўпроқ эканидан далолат беради. 24 иштирокчи жамоанинг ҳар бири автоматик равишда €9,25 млнга эга бўлиши керак эди. Қолаверса, гуруҳ турниридаги ҳар бир ғалаба учун €1,5 млн ва дуранг учун €750 мингдан тўланиши лозим бўлган. Гуруҳдан чиқиб 1/8 финалга йўл оладиган жамоа €2 млн, чоракфинал иштирокчисига €3,25 млн ва 1/2 финалга чиққан жамоа €5 млнга эга бўлиши белгиланган эди. Финалда мағлубиятга учраган жамоанинг мукофоти €7 млн ва чемпионликка эришадиган жамоага €10 млн аталганди. Демак, чемпионлик шоҳсупасига кўтариладиган терма жамоа умумий ҳисобда €34 млн соҳибига айланиши мумкин эди. Бу жуда катта сумма – таққослаш учун, 2018 йилги жаҳон чемпиони Франция миллий жамоаси ҳам деярли шунча, яъни €34,5 млнга эга бўлган эди. Бироқ ҳатто €9,25 млн ҳам шартли равишдаги Грузия ёки Белоруссия жамоалари учун катта маблағ.

«Тўқчилик даври» ниҳоясига етдими?

Европа футболи учун «тўқчилик даври» ниҳоясига етган кўринади. Телеҳуқуқлар ва ҳомийлардан келадиган пул тушумлари оқими ҳам янги иқтисодий шарт-шароитда аввалги йиллардагидек бўлмаслиги кундек равшан. Буни Чеферин ҳам яхши тушуниб турибди.

- Тан олишим керак, Европа ва жаҳондаги иқтисодий вазият бизга ҳам жиддий зарба бериши аниқ. Гап фақат мусобақанинг келгуси йилга қолдирилганлиги оқибатида кўриладиган зарар эмас, балки футболнинг умумий молиявий ҳолати ҳақида кетмоқда. Бугун эса бундай қарорларни қабул қилишда бирдамликка эришиш вақти келди. Биз биргаликда бундай оғир вазиятдан чиқиб кета олишимиз ва янада кучли бўлиб қайта олишимиз мумкинлигига ишонаман, - дея фикрини якунлади УЕФА раҳбари.

 

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
230 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить