Бўш стадионлар даври: пандемия спорт юлдузлари даромадларига қанчалик таъсир қилди?

Коронавирус туфайли профессионал спорт катта миқдордаги даромадлардан айрилмоқда

ФОТО: Peter H / Pixabay

Коронавирус туфайли Лионель Месси деярли $50 млн, Криштиану Роналду эса $20 млн йўқотади. Леброн Джеймсга ҳар бир қолдирилган ўйин $300 мингга тушади. МХЛ хоккейчилари эса 25% гача бўлган маошларидан айрилишади.

Пандемия сабабли тўхтатилган профессионал спорт катта миқдордаги даромадлардан айрилмоқда. Карантин ўтгунича соҳа сарф-харажатларни қисқартиришга мажбур, бунинг асосий қисмини эса спортчиларнинг маошлари ташкил қилади. Шартномалар миқдори қанчалик юқори бўлиши баробарида жамоалар раҳбарлари учун бу мушкул давр шунчалик қимматга тушади. Шу сабабли ҳатто йирик жамоалар ҳам спортчилар билан маошларнинг қисқартирилиши борасида келишишга мажбур бўлишаяпти. Аксарият индивидуал спорт турларида мусобақалар тўхтатилганлиги боис спортчиларда мукофот пулларини ишлаб олиш имконияти мавжуд эмас. Хўш, эпидемиологик вазият спорт юлдузларининг даромадларига қанчалик таъсир қилади?

Футбол

Клубларга молиявий муаммоларнинг олдини олиш учун ёрдам тариқасида Европа миллий чемпионатларидаги кўпчилик футболчилар иш ҳақларининг камайтирилишига рози бўлишди. Мисол учун, «Барселона» $858 млнга тенг умумий йиллик харажатларининг $60 млн қисмини футболчилар маоши учун сарфлар эди. Каталонияликлар бу суммани 70%га қисқартиришга мажбур бўлишди.

Криштиану Роналду ўз жамоадошлари билан биргаликда мартдан июнгача бўлган тўрт ойлик давр учун белгиланган маошларидан воз кечишди. Бу ўз навбатида «Ювентус»га $97 млн ёки клуб бюджетининг футболчилар иш ҳақи учун ажратиладиган сумманинг 30% қисмини тежаш имконини беради. Ўтган йилги даромадлари бўйича ҳисоблайдиган бўлсак, Роналду учун шартнома тўловларининг 30% қисми - $20 млнга тенг. Португалиялик юлдуз 2018-2019 йилги мавсумда жами $109 млн ишлаб топган.

Франция Лига 1 клублари апрель ойи бошидан буён футболчиларни ишсиз статусига ўтказиб қўйишди. Бу эса маошларнинг автоматик равишда 30%га қисқаришига олиб келади. Клублар шунингдек, профессионал футболчилар миллий уюшмаси ва мамлакат иқтисодиёт ва молия вазирлигидан тавсияларни олишди: улар ойига €10000-20000 гача бўлган маошларнинг 20% қисмидан ҳамда € 100 мингдан ошадиган маошларининг 50% қисмидан воз кечадиган прогрессив тарздаги қисқартирилишини таклиф қилишди. Бу айниқса «ПСЖ» учун ўта муҳим: клуб лигада йилига $400 млнга тенг энг катта маош бюджетига эга. Унинг 20%ни Неймарнинг шартномаси «олиб қўяди» - $70 млн Вақтинчалик ишсиз статусига эга бразилиялик ойига $4 млн олади (маошининг 70% қисми), 50%га тенг эҳтимолий қисқартирилиш эса футболчига $2 млн қолдиради.

Автоспорт

Коронавирус туфайли «Формула 1» мавсуми ҳатто бошланишга ҳам улгурмади. Шу туфайли мусобақа эгалари, босқичлар ташкилотчилари ҳамда жамоалар зарар кўришмоқда. Жумладан, «Альфа Таури» босси Франц Тост учун ҳар бир қолдирилган Гран-при жамоага 1,5-2 млн еврога тушмоқда. Шу сабабли баъзи пилотлар ихтиёрий равишда ўз иш ҳақларининг бир қисмидан жамоа ходимлари фойдасига воз кечишди. Буни дастлаб Карлос Сайнс ва «Макларен» аъзоси Ландо Норрис бошлаб беришди, сўнгра бунга қироллик пойгаларидаги энг йирик шартномалар соҳиблари - «Феррари» аъзоси Себастьян Феттель ва 2019 йилги чемпион бўлган «Мерседес» вакили Льюис Хэмилтон қўшилишди. Ўтган йили Хэмилтон $45 млн, Феттель $40 млнга эга бўлганди.

МБА ва МХЛ

Америка лигаларида спортчилар шартномаси одатда коллектив келишувлар билан чегараланган ва маошлар лимити билан бошқарилади. Бундан ташқари МБА ва МХЛда «эскроу» тушунчаси мавжуд: бу ҳар ойда лига ўйинчи маошидан алоҳида суғурта жамғармаси учун айирмалар фоизини ўтказишини англатади. Мавсум якунида спортчилар даромади уларга белгиланган улушдан кўпроқ бўлиб чиқса (МХЛда 50% ва МБАда 51%), лига эскроудан етишмаётган қисмини ўзига олиб қўяди. Лига даромадлари кўпроқ бўладиган тақдирда (сўнгги йилларда бу камдан кам рўй бераяпти) – ўйинчиларга эскроуни қайтариш ҳисобига фарқни тўлаб беришади.

МХЛда эскроу фоизи ўзгарувчан, мавсумнинг ҳар чорагида клубларнинг маош бюджети лига томонидан белгиланган маошлар йўлагидан фарқланади. Бюджет қанчалик кўп бўлса, эскроу ҳам шунчалик юқори бўлади. Одатда лига маошлар йўлагини ўтган мавсумдаги даромадлардан олиб қолади: бунинг асоси сифатида лига «хоккей» даромадининг 50%ни олади, уни 5%га кўпайтиради (ўсиш башорати) ва бу суммадан 15% пастга ва юқорига ҳисобланади. Шу тариқа маошлар йўлагининг «поли» ва «потологи»ни келтириб чиқаришади.

2019-2020 йилги мавсумда лига фойданинг салмоқли қисмини йўқотиши мумкин (МХЛда ҳатто мунтазам чемпионат якунига етгани йўқ), шу сабабли баъзи экспертлар келгуси мавсумда эскроу ўсишини тахмин қилишмоқда, маошлар йўлаги қуйи, иш ҳақлари эса юқори даражада қолади. Аммо коллектив келишув МХЛга келгуси мавсумга башоратни ўтган мавсум даромадларига боғланмаган ҳолда сунъий равишда ўзгартириш имконини беради. Лига катта эҳтимол билан бу имкониятдан фойдаланиб қолади.

Бироқ жорий мавсумда даромадлар ўртасидаги тафовутни қоплаш учун қўшимча чоралар талаб этилади. Шартнома бўйича лига форс-мажор вазиятларда тўловлар суммасини ўзгартириши мумкин, бироқ ўйинлар тўлиқ қолдирилмаганлиги учун хоккейчиларни ҳеч ким маошлардан маҳрум қила олмайди. Вақтинчалик чора тариқасида МХЛ ва хоккейчилар ассоциацияси сўнгги тўловни 15 майгача «музлатиб», вазият ойдинлашгунига қадар унинг тақдирини ҳал этишга келишиб олишди. МХЛнинг энг сердаромад хоккейчиси, «Торонто Мейпл Лифс» форварди Митч Марнер учун бу эскроу ва солиқлар тўлови ечилгунига қадар $1,23 млн «музлатилишини» англатади. Бу йилги мавсумда эскроу 14%га тенг, бу эса Марнернинг $16 млнли шартномаси учун $2,2 млнни ташкил этади. Ўтган беш мавсум давомида ўртача эскроу 14% бўлганида ўйинчиларга деярли 3% қисми қайтариларди, аммо 2019-2020 мавсум учун энди қандайдир суммани қайтариб олиш имконияти бўлмаслиги ҳам мумкин.

МБА баскетболчилари ҳам вақтинчалик қисқартирилишга келишиб олишди: 15 майдан бошлаб маошларининг 25% стандарт 10%ли эскроу ҳисобига қўшимча равишда йўналтирилади. Бу лига қолган ўйинлар тақдирини ҳал этмагунича давом этади (МБАда ҳам ҳали плей-оффгача етиб боришмаган). Бу нарса рўй берган пайтда лига баскетболчилар маошларидан ҳар бир қолдирилган ўйин учун 1%дан ушлаб қолади. Жаҳоннинг энг кўп маош оладиган баскетболчилари қаторидаги Леброн Джеймс, Стефен Карри ва Кевин Дюрант учун шартноманинг 1% іисми $300 - $380 мингни ташкил этади.

Теннис ва гольф

Спортнинг энг оммабоп индивидуал турларида пандемия сабабли турнирлар ўтказилмаяпти, бунинг натижасида спортчилар ҳам мукофот пулларини ишлаш имкониятидан маҳрум бўлишаяпти. Теннисда «Улкан тож» (уларнинг иккитаси қолдирилган) турнирларининг якка тартибдаги баҳсларида ғалаба қозонса, спортчи $2-4 млн ишлайди, Мастерс 1000 сериясидаги турнирларда деярли $1 млн, АТР 500 мусобақаларида $300 мингдан $500 минггача ҳамда АТР 250 тоифасидаги баҳсларда $100 минг атрофида мукофот пули ишлаб олиш мумкин.

Аммо топ-ўйинчилар ўз даромадларининг ярмидан кўпроғига ҳомийлик шартномалари орқали эга бўлишади, айнан шу сабабли улар ҳозирги пайтда ижтимоий тармоқларда мухлислар эътиборини жалб этган ҳолда фаол иштирок этишмоқда. 2019 йилда Роджер Федерер $93,4 млнга тенг даромадининг $86 млнни реклама келишувларидан ишлаб топган. Жаҳон рейтингининг биринчи рақамли теннисчиси Новак Джокович $50,6 млндан $30 млн қисмини маркетинг орқали, Рафаэль Надаль эса $35 млннинг $26 млнга тенг улушини теннисдан ташқи фаолиятида ишлаб олган. Бироқ рейтингнинг қуйи қисмидаги спортчилар учун теннисдаги мукофот пуллари – ягона даромад манбаи. Шу сабабли Джокович, Надаль ва Федерер рейтингнинг 200дан 700 гача ўринларидаги теннисчилар учун молиявий ёрдам тариқасида $3,5-4 млн йиғиб беришни режалаштиришган. Бу мақсадда рейтинг етакчиларини АТР ва «Улкан тож» турнирлари ташкилотчилари қўллаб-қувватлашмоқчи.

2019 йилнинг энг номдор гольфчилари Тайгер Вудс ва Фил Микельсон турнирларда мос равишда $9,9 млн ва $12,4 млн ишлаб топишган. Реклама шартномалари орқали улар сезиларли даражада кўпроқ $54 млн ва $36 млнга эга бўлишган. Гольф учун одатдаги мукофот тизимининг реклама берувчилари пандемияга қай тарзда муносабат билдиришади, буни айтиш мушкул. Кўп нарса спортчиларнинг карантин даврида онлайн-фаоллигига ҳамда турнирлар қачон телеэфирга қайтишига ҳам боғлиқ.  

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
392 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить