Бойлар ҳам шуғулланишади. Миллиардерлар қандай спорт турларини танлашади

Миллиардерларнинг спортда ўзларига тегишли бўлган жамоалари мавжуд, баъзилари эса йирик мусобақаларга ҳомийлик қилишади

ФОТО: Bobex-73 / shutterstock

Бадавлат инсонларнинг ҳам ўзлари қизиқадиган спорт турлари бўлади. Аксарият миллиардерларнинг спортда ўзларига тегишли бўлган жамоалари мавжуд, баъзилари эса йирик мусобақаларга ҳомийлик қилишади. Баъзида улар ўзлари ёқтирадиган спорт турлари билан шуғулланишни ҳам канда қилишмайди.

Баъзи омадли бизнесменларнинг спортга бўлган қизиқишлари болаликдан бошланиб келган, бошқа бир гуруҳ миллиардерлар эса катта молиявий харажатларни талаб этадиган нуфузли спорт турларини танлашади. Хўш, Forbes рўйхатидаги миллиардерлар қандай спорт турлари билан ошно бўлишган?

Теннис доимо аристократларнинг ёқтирган машғулоти бўлиб келган ва ҳозирги кунда «юқори табақа»даги инсонларнинг севимли спорт тури ҳисобланади. Бу балки тасодифдир, аммо айнан теннисга бўлган иштиёқ Forbes янги рейтинги пешқадамлари бўлган сайёрамизнинг энг бадавлат уч инсонларини бирлаштириб туради. Жумладан, Amazon эгаси Жефф Безос собиқ рафиқаси Маккензи Безос билан, қолаверса энг яқин дўстлари билан теннис ўйнаб туришини кўпчилик билмаслиги мумкин, аммо бу айни ҳақиқат. Microsoft асосчиси Билл Гейтс эса хайрия турнирларида бир неча марта Рожер Федерер, Рафаэль Надаль каби ракетка юлдузлари билан кортда учрашган. Швейцариялик теннисчи билан Европанинг энг бадавлат инсони Бернар Арно ҳам дўст тутинган. Louis Vutton раҳбари ҳафтасига тўрт марта кортга бориб, теннис билан шуғулланиб туради. Франциялик миллиардер айнан теннисни тиғиз ва оғир иш графиги сабабли ўзига «овунчоқ» деб билади. Facebook тармоғи асосчиси Марк Цукерберг талабалик йилларида ўз вақтини кортда ўтказиб турадиган инсон бўлганлигини яхши биламиз. Бироқ уни сўнгги йилларда кўпинча кортда эмас, ўз уйи ёнидаги паркда югуришга чиққан пайтларда учратиш мумкин.

Бадавлат инсонларнинг яна бир севимли машғулоти – елканли қайиқ спорти ҳисобланади. Кайиқ сотиб олиш ва профессионал жамоа тузиш анча харажат талаб қилади. Шоҳона яхталар узоқ вақтдан буён бойлар ҳаётининг ажратилмас қисмига айланган, уларнинг баъзилари эса ўз қўллари билан яхтани бошқаришни ва нуфузли регаталарда иштирок этишни афзал кўришади.

Миллиардерлар орасида айниқса Ларри Эллисонни ашаддий яхтачи дейиш мумкин. Forbes рейтингида 5-ўринни эгаллаб турган бизнесмен елканли спорт билан ёшлигидаёқ дўстлашган ва айнан хусусий яхта сотиб олиш учун бойиб кетишни хоҳлаганди. Oracle ҳаммуаллифларидан бири ўз иштиёқидан ҳеч қачон воз кечмаган ва ҳатто Америка кубогида икки марта ғолиб бўлишга ҳам улгурган.

От спорти кичик бўлмаган молиявий харажатлардан ташқари чавандоздан эпчилликни ҳам талаб этади. Шу сабабли бадавлат инсонларнинг ворислари кўпинча от спортида сезиларли ютуқларга эришадилар. Миллиардерларнинг ўзлари эса асосан отда сайр қилишни ва поло ўйнашни ёқтиришади. Рейтингдаги топ-10да от спортининг яна бир ашаддий ихлосмандини учратиш мумкин. Испаниялик миллиардер Амансио Ортега бир пайтлар конкур тури билан жиддий равишда шуғулланган, кейин эса ўз қизини бу спортига бағишлаган таниқли спортчига турмушга узатган.

Миллиардерлар шуғулланадиган яна бир спорт тури – гольф ҳисобланади. Бу ўйиннинг хотиржамлик ва бир маромда ўтиши ишбилармонларга қўлларида телефон билан бизнес-музокараларни ҳам олиб бориш имкониятини беради. Гольфнинг ашаддий ихлосмандлари қаторига Билл Гейтс ва АҚШ президенти Дональд Трампни киритиш мумкин. Forbes рўйхатидаги кўплаб миллиардерларни гольф ўйнаётан пайтда кўришимиз мумкин.

Бойларнинг янги вакиллари орасида эса экстремал спорт турларига қизиқадиганлари ҳам йўқ эмас. Жумладан, Марк Цукерберг Гавай ороллари сувларида сёрфда тўлқинлар узра сузишни ёқтиради. Google ташкилотчиларидан бири Ларри Пейдж эса кайтсёрфинг билан шуғулланади. Шунингдек, британиялик машҳур бизнесмен Ричард Брэнсон ҳам экстремал бу спорт турларининг шайдоси эканлиги кўпчиликка маълум.

Цукерберг ҳамда Безос узоқ масофаларга югуришни ҳам ёқтиришади. Айнан шу машғулот билан Google асосчиси Сергей Брин, Space X бошлиғи Илон Маск ва Microsoft собиқ топ-менежери Стив Баллмер ҳам шуғулланишган. Баллмер ҳатто бир пайтлар марафон мусобақаларида иштирок этганлиги маълум. Airbnb асосчиси Брайан Чески ўз вақтида бодибилдинг билан машғул бўлган.

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
141 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:
Об авторе:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить