Бекхэм бизнеснинг янги йўналишини очди – у энди киберспорт клуби эгаси

Англиялик собиқ футболчи Дэвид Бекхэм ўз бизнесининг янги йўналишини очди. У Guild киберспорт клубининг эгаларидан бирига айланди

 

Дэвид Бекхэм
ФОТО: instagram.com/davidbeckham
Дэвид Бекхэм

Дэвид Бекхэмга тегишли бўлган Blue Star Capital ва DB Ventures компаниялари янги ташкил этилган Guild Esports киберспорт жамоасига £480 минг сармоя киритишди ва 11,7% акциялари соҳибига айланишди. Бу ҳақда клуб расмий сайтида маълумот берилди. Guild Esports сармоялар жалб этилишининг дастлабки босқичида £25 млнга эга бўлишни мақсад қилган.

- Фаолиятим давомида мен энг яхши футболчилар билан биргаликда ўйнашга муваффақ бўлганман. Мен шахсан уларнинг энг юқори даражада фаолият юритишганига ва уларнинг иштиёқ билан тўп суришганликларига гувоҳ бўлганман. Замонавий киберспортчилар ҳам айнан шижоатли ва қатъиятли бўлишади. Guild Esports фаолиятига янги стандартларни киритиб, аъзоларини яқин келажакда қўллаб-қувватламоқчимиз. Академияларимиз тизими орқали янги истеъдодларни кашф этишни ва уларни рағбатлантиришни ўйлаяпмиз. Guild Esports ёрдам беришни бошлашимни сабрсизлик билан кутаяпман, - деди Дэвид Бекхэм.

Guild Esports 2020/21 йилги мавсум учун турли йуналишлардаги мусобакалар учун таркибларни шакллантиришни бошлайди. Клуб FIFA, Fortnite ва Rocket League мусобақалари учун жамоаларни йиғишни режалаштирган.

45 ёшли Бекхэм «Манчестер Юнайтед», «Престон Норт Энд», «Реал», «Милан», «Лос-Анжелес Гэлакси» ва «Пари Сен-Жермен» клубларида фаолият юритган, шунингдек, Англия терма жамоаси таркибида тўп сурган ва унинг сардори бўлган. Дэвид стандарт вазиятларни амалга оширишда юқори маҳоратга эга эканлиги билан донг таратган. У 2011 йилда жаҳоннинг энг сердаромад футболчиси дея тан олинган. Ўша йили у $47 млн ишлаб топган.

Инглиз футболчиси «Миллионлар ўйини»даги ютуқлари билан биргаликда майдондан ташқарида ҳам муваффақиятли фаолият олиб борган. У омадли ишбилармон, бизнеснинг бир неча йўналишида ўз ишини очган ва унда ютуқларга эришган. Жумладан, ўтган йил Англиянинг бешинчи дивизиони вакили ҳисобланадиган «Солфорд Сити» клубининг 10% акцияларига эга бўлган. Дэвид Бекхэмдан ташқари клуб бошқарувига унинг собиқ жамоадошлари Райан Гиггз, Пол Скоулз, Ники Батт, Фил ва Гари Невиллар ҳам киришади. Акцияларнинг 40% қисми сингапурлик бизнесмен, Forbes томонидан молиявий ҳолати $2,4 млрдга баҳоланган Питер Лимга тегишли.

Бу Дэвиднинг ягона футбол жамоаси эмас. У 2014 йилда Майами шаҳрида янги футбол клуби ташкил этганлиги эълон қилинган. «Интер Майами» дея ном олган мазкур клуб жорий мавсумда MLS чемпионатида иштирокини бошлади, бироқ пандемия сабабли чемпионати вақтинча тўхтатилган ва майамиликлар ҳозирча ўйинларини тўхтатиб туришибди.

Бекхэм футбол билан хайрлашгач, ўзини тўлиқ бизнесга бағишлаган. Бу орқали у жуда катта даромад олган. 2019 йил июнь ойидаги маълумотлар бўйича Дэвид Бекхэмнинг умумий молиявий ҳолати $735 млнни ташкил этган. Жаҳоннинг энг машҳур брендлари собиқ футболчи билан ҳамкорлик қилишга интилишади. Дэвид айниқса либослар ва косметик махсулотларни ишлаб чиқариш ва уларни реклама қилиш тадбирларида фаол иштирок этади. Бекхэм H&M компанияси билан ҳамкорликда Modern Essentials Selected by David Beckham номли ўз либослар линиясини ишга туширган. Бундан ташқари, Бекхэм Kent & Curwen компаниясини сотиб олган – у нафақат мазкур бренд тимсоли ҳисобланади, балки шахсан ўзи янги коллекцияларни ҳам яратади.

Бекхэм хайрия тадбирларида ҳам фаол иштирок этади. Ҳали футболчилик фаолиятини якунламаган пайтларда у ЮНИСЕФ ташкилоти эличиси вазифасини ҳам бажарган. Шундан сўнг у ўзининг севимли рақамига мос равишда «7» хайрия жамғармасини ташкил этган. Ташкилотнинг асосий вазифаси – учинчи дунё мамлакатларида болалар хавфсизлигини таъминлаш муаммоларини бартараф этишдан иборат. Дэвид имкон бўлди дегунча ўз жамғармаси тадбирларида шахсан иштирок этиб туради.

 

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
430 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:
Об авторе:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить