Пандемиядан қайси мамлакат ўзини энг тез тиклаб олади?

Коронавирус пандемиясидан ўзини энг тез тиклаб оладиган давлат АҚШ ёки Хитой эмас. Бу Германия эканлиги маълум бўлди. Европанинг ушбу мамлакати иқтисодиёти пандемиядан сўнг янада ривожланиши мумкин

ФОТО: DimaBerlin / shutterstock

Бу ҳақда The New York Times нашридаги мақолада айтилган. Нашр муаллифи канцлер Ангела Меркель бошчилигидаги Германияни президент Дональд Трамп давридаги АҚШнинг кўзгудаги акси деб атайди.

Ушбу йирик иқтисодий қудратга эга мамлакатда коронавирус эпидемияси бироз кечикиш билан бошланди, бироқ ҳукумат ҳеч иккиланмасдан қатъият ва фаоллик билан унга қарши курашни бошлади. Бу ерда юқори даражада молиялаштирилган соғлиқни сақлаш тизими мавжуд. Фуқароларнинг тиббий хизматлардан фойдаланишлари учун кенг имкониятлар яратилиб берилган. Мавжуд кўплаб лабораторияларда аҳоли тестларни топшириб, вирус бор-йўқлигини аниқлаб олишлари ва ўз вақтида кескин чоралар кўрилиши эпидемиянинг кенг авж олиб кетмаслигига имкон берди.  

Мамлакат расмийлари касаллик ўзининг энг юқори даражасига етиб бормаслигини таъминлаш учун ўз вақтида зарур миқдордаги тестларни ҳозирлашди ва зарарланган кишиларни кузатишнинг замонавий тизимлариидан самарали фойдаланишди. Натижада Ғарбнинг бошқа ривожланган давлатларига нисбатан бу ерда ўлим даражаси бир неча баробар камроқ қайд этилди. Вирус кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўз-ўзини яккалаш тартибидан унумли фойдаланишди.

Кўплаб мамлакатлардан фарқли Германия иқтисодиёти ҳам жиддий молиявий зарбага учрамади. Хукумат пандемия сабабли қийинчиликка дуч келган соҳаларга ёрдам берди. Бу ерда ишсизлик даражаси ўзининг инқирозли нуқтасига етмади ва фақатгина 6%ни ташкил этди.

Жаҳон ҳамжамияти Германияни бу ҳаракатлари учун олқишлади, мамлакат раҳбарининг машҳурлик рейтинги эса кескин ошиб, аввалги 40%дан 70%га етди, дейилади мақолада.

«Коронавирус 2008 йилги молиявий инқироздан кейин бошланган миллий иқтисодиётларнинг ўз-ўзини яккалаш тенденциясини тезлаштирди. Миллий ҳукуматлар иқтисодиётнинг турли томонларини тобора кўпроқ назорат қилишмоқда. Улар иқтисодий ўсишни таъминлаш учун давлат қарзи ҳажмларини оширишмоқда ва ташқи савдога қарши янги тўсиқларни киритмоқда. Иммиграция ва глобал иқтисодиётнинг фақат виртуал қисми ривожланмоқда, чунки одамлар ишлашади, дам олишади ва Интернетда харид қилишади», деб ёзади газета.

Технологик устунликка эга бўлишига қарамай АҚШ ва Хитой бундай иқтисодий ўзгаришларга тайёр бўлмаганликларини кўрсатишди. Улар жуда йирик миқдордаги қарздорлик чегарасига етиб келишди, уларнинг ҳукумати эса пандемия шароитида нотўғри қабул қилинган қарорлар ва амалга оширилган ҳаракатлар учун тинимсиз танқидларга учрашмоқда.

Шунингдек, Вьетнам мамлакати ҳам бу борада умид уйғотмоқда. Экспорт бўйича янги етакчилардан бирига айланган ва вирусни ҳали остонадаёқ тўхтатишга эришган бу мамлакат ўз вақтида кўрилган ҳимоя чоралари натижасида бу курашда ғолиб чиқди. Бундан ташқари, президент Владимир Путин бир неча йилдан буён ўз мамлакатини ташқи молиявий босимдан ҳимоя қилиб келаётган Россияда ҳам глобализация инқирозга юз тутиши жараёнида муваффақиятга эришаётганлиги эътиборли, дея ёзилади мақолада.

Бироқ асосий ғолиб Германия бўлиши тобора ойдинлашмоқда. Унинг пандемияга дарҳол жавоби бу мамлакатнинг мавжуд устунликлари – самарали ҳукумат, қуйи даражадаги қарздорлик, такомиллашган иқтисодиёт, юксак нуфуз борлигини кўрсатиб берди. Бу устунликлар мамлакат экспортини жаҳон савдоси ҳажми қисқараётган шароитда ҳимоя қилади ва АҚШ ҳамда Хитой интернет-гигантлари ҳукмронлик қилаётган ўз IT-компанияларини ташкил қилиш имкониятини яратиб беради, дея изоҳлади The New York Times журналисти.      

 

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
733 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:
Об авторе:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить