Ўзбекистонда аҳолига бир марталик беғараз пул тарқатилиши лозимми?

Коронавирус пандемияси бутун дунёни «қамал» қилиши натижасида миллионлаб одамларнинг меҳнат қилиш қобилияти чекланди. Мамлакатларда карантин чораларининг жорий этилиши билан зарур бўлмаган фирма ва корхоналар фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Чегаралар мажбурликдан ёпилди. Сайёҳлар оқими бутунлай тўхтади. Одамларга фақат асосий харид қилиш эҳтиёжлари учун уйдан чиқишларига рухсат берилди. Натижада ички ва ташқи бозорларда товарлар ва хизматларга бўлган талаб сезиларли даражада камайди

ФОТО: Баходир Саидов

Савдонинг пасайиши натижасида компаниялар даромади кескин тушиб кетди. Натижада кўплаб корхона ва фирмалар ишчиларини бўшатишга ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқаришга мажбур бўлишди. Вақтинча ишсизлик даражасининг кўтарилиши билан одамлар даромади камайди.

Бундай оғир шароитда дунё мамлакатлари аҳолисининг ёрдамга муҳтож қатламига ижтимоий ёрдам кўрсатиш, турмуш фаровонлигини сақлаб қолиш ҳамда иқтисодий рецессиянинг иқтисодий депрессияга айланиб кетишининг олдини олиш борасида бош қотиришмоқда.

Ушбу муаммоларга ечим топиш учун айрим давлатлар аҳолига бюджетдан бир марталик беғараз пул ўтказмалари беришга қарор қилишди. Масалан, жорий йил февраль ойида Гонгконг 18 ёш ва ундан юқори ёшдаги доимий фуқароларига (7 миллионга яқин кишига) 10 000 Гонконг доллари (қарийб $1200) миқдорида пул тарқатишга қарор қилди. Ушбу «бепул» пуллар ҳукумат томонидан эълон қилинган $15 млрддан ортиқ миқдордаги инқирозга қарши кураш жамғармаси харажатларининг катта қисмини ташкил этди ва бу ҳукуматнинг 1,1 трлн ГК доллари миқдоридаги фискал захирасидан молиялаштирилди.

АҚШ ҳукумати коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун шакллантирилган $2,2 трлнлик қутқарув пакетининг (the Coronavirus Aid, Relief, and Economic Security (CARES) Act) бир қисми сифатида АҚШдаги ҳар бир солиқ тўловчининг (ёрдамга муҳтож ёки муҳтож эмаслигидан қатъий назар) банк ҳисоб рақамига $1200 ва ҳар бир бола учун қўшимча $500 ўтказиб бермоқда.

Сингапур апрель ойида мамлакатдаги барча катта ёшдаги (21 ва ундан юқори ёшдаги) аҳолига 600 Cингапур доллари миқдорида бир марталик нақд пул ўтказмалари амалга оширилишини ва келгуси ойларда ҳам қўшимча тўловлар амалга оширилиши мумкинлигини эълон қилди. Шу билан бирга, ҳукумат имконияти борларни www.giving.sg веб-саҳифаси орқали ёки the Community Chest's Courage Fundга хайрия қилишга ёки тўғридан-тўғри ёрдамга муҳтожларга ёрдам беришга чақирди. Шунингдек, ҳозирда Сингапурда қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлганлар вақтинчалик ёрдам жамғармаси ва COVID-19 қўллаб-қувватлаш гранти, шунингдек ComCare тизимидан молиявий ёрдам олиш учун ижтимоий хизмат идораларига ва жамоат марказларига мурожаат қилишлари мумкин.

Япония «фавқулодда ёрдам» дастурининг дастлабки босқичида – февраль-июнь ойларида пандемия сабабли даромадини йўқотган оилаларга 300 000 иена – қарийб $2760 миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишга қарор қилди.

Шунингдек, баъзи давлатларда хусусий сектор эҳтиёжманд одамларга ёрдам беришда ҳукуматга ёрдам қўлини чўзмоқда. Масалан, Буюк Британияда ҳукумат кўплаб ишчиларнинг ойлик иш ҳақининг 80 фоизигача (2500 фунт стерлинггача) тўлаб бераётган бир пайтда, молиявий инқирозга дуч келган британияликларни қўллаб-қувватловчи миллий хайрия ташкилоти – Turn2us коронавирус грант фонди тузди. Ҳозирда пандемия туфайли даромадини йўқотган аҳолига мазкур фонддан 500 фунт стерлинг миқдорида бир марталик беғараз пул ёрдами тўлаб берилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам фуқароларга бир марталик пул ёрдами кўрсатилиши зарурми?

Ривожланган давлатларнинг «бепул» пул тарқатиш тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам фуқароларга бир марталик беғараз пул ёрдами берилиши керакми?  Мазкур саволга жавоб беришдан аввал беғараз пуллар тарқатиш усулидан фойдаланаётган давлатлардаги ва Ўзбекистондаги вазиятга назар солиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Масалан, АҚШда коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун анъанавий пул-кредит сиёсатининг барча воситалари ишга солинди. Федерал захира тизими март ойида банклараро фоиз ставкасини 0 - 0,25%гача туширди; миқдорий юмшатиш дастури доирасида зарур бўлган миқдорда давлат қимматли қоғозлари ва корпоратив облигацияларни сотиб олишини эълон қилди; тижорат банклари учун қайта молиялаш харажатларини камайтирди.

Шунга қарамасдан, АҚШда коронавирус тарқалишини олдини олиш мақсадида эълон қилинган фавқулодда ҳолатнинг узоқроқ давом этиши иқтисодий ўсишни сезиларли даражада пасайтириб, иқтисодиёт учун дефляция муаммосини келтириб чиқариши мумкин. Масалан, март ойида истеъмол нархларининг сўнгги беш йилдаги энг катта пасайиши кузатилди ва келгусида ҳам нархларнинг пасайиши эҳтимоллиги юқори баҳоланмоқда. Чунки, коронавирус инфекциясининг тарқалиши сабабли баъзи товар ва хизматларга бўлган талаб камайди. Талабнинг камайиши натижасида инфляция даражасининг тушиши таъминот занжиридаги узилишлар боис юзага келган танқислик сабабли нархлар кўтарилишидан ҳам кўпроқ бўлди.

Шунинг учун, АҚШ ҳукумати пул-кредит сиёсати таъсирчанлиги чекланган шароитда ишлаб чиқариш учун қўшимча талаб яратиш ва инфляцияни мақсадли кўрсаткичга қайтариш мақсадида фискал рағбатлантириш чораларини амалга оширишга қарор қилди.

АҚШдан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда оммавий пул тарқатиш орқали истеъмолни рағбатлантириш эмас, балки инқироз даврида ёрдамга муҳтож аҳоли қатламига (масалан, коронавирус пандемияси туфайли ишлай олмаётган оилалар, чет элга қайтиб кета олмаган мигрант ишчилар, ёлғиз яшовчи қариялар) эътибор қаратиш орқали уларнинг турмуш фаровонлигини сақлаб қолиш мақсад қилиб қўйилган.

Чунки, Ўзбекистон шароитида одамларнинг ёрдамга муҳтож ёки муҳтож эмаслигидан қатъий назар оммавий равишда пул тарқатиш қуйидаги бир неча салбий оқибатларга олиб келиши мумкин:

1. Коронавирус сабабли товар ва хизматлар таклифи камайган бир шароитда беғараз пул тарқатилиши натижасида иқтисодиётда пул таклифининг кўпайиши инфляциянинг тезлашишига олиб келади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда юқори инфляция даражаси сақланиб қолмоқда. Коронавирус пандемияси туфайли таъминотдаги узилишлар, транспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши, озиқ-овқат товарларига бўлган талабнинг кескин ошиши ҳамда Қозоғистон ва Россия томонидан айрим озиқ-овқат товарлари (қорамол, гречка, буғдой уни, шакар, картошка ва бошқалар) экспорти бўйича киритилган чекловлар натижасида апрель ойида йиллик инфляция даражаси 14,5%гача кўтарилди. Озиқ-овқат инфляцияси февраль ойида 15,8%дан апрель ойида 19,1%гача ошди.

Ўзбекистонда йиллик инфляция даражаси

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан амалга оширилган тадқиқот натижаларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон ЯИМ ҳажми реал ўсиши 1,8%гача секинлашиши шароитида инфляция даражаси 12,2%ни ташкил этиши кутилмоқда.

Бундай шароитда давлат бюджетдан беғараз пул тарқатилиши ёрдамга муҳтож аҳолига зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечак сотиб олиш, коммунал тўловларини вақтида амалга оширишга маълум даражада ёрдам берсада, молиявий ёрдамга муҳтож бўлмаганлар томонидан товар ва хизматларга талабни оширади. Бу эса инфляцияга қўшимча босим кўрсатади.

2. Давлат бюджетидан барча учун тенг миқдорда бир марталик беғараз молиявий ёрдам кўрсатиш бюджет камомадини янада ошириб юборади. Тўсатдан юз берган коронавирус инқирози даврида санитария-эпидемиологик харажатларни молиялаштириш, шифохоналар ва карантин мажмуаларини қуриш ва жиҳозлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағлар жалб қилинди. Хусусан, тест системалар, реактивлар ва ҳимоя воситалари сотиб олинмоқда. Фуқароларни карантинда сақлаётган муассасалар ходимларининг иш ҳақи, озиқ-овқат, гигиена товарлари учун харажатлар қилинмоқда. 10 000 ўринли махсус шифохоналар ва 20 000 ўринли аҳолини вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасини қуриш учун катта миқдорда маблағ ажратилди. Банд бўлмаган фуқароларни вақтинчалик ишларга жалб қилиш учун жамоат ишлари жамғармасига маблағлар ўтказиб берилди. Бундай шароитда аҳолига беғараз пул ёрдамлари кўрсатишда бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш мақсадида ҳамма учун тенг миқдорда пул тарқатиш эмас, балки айнан ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

3. Беғараз берилган пул ёрдами қандай мақсадларга ишлатилиши номаълум бўлиб қолади. Ривожланган давлатлар сингари Ўзбекистонда ҳам ҳар бир солиқ тўловчига тенг миқдорда пул ўтказмалари амалга оширилган тақдирда, берилган пул маблағлари ёрдамга муҳтож бўлган аҳоли томонидан истеъмол учун сарф қилиниши мумкин. Лекин, ёрдамга муҳтож бўлмаган солиқ тўловчиларининг қўлида пайдо бўлган ортиқча маблағлар қандай мақсадларда ишлатилиши ноъмалум бўлиб қолиши оммавий пул тарқатишнинг самарасизлигини келтириб чиқаради.

Ўзбекистонда давлат томонидан аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш учун қайдай чоралар амалга оширилмоқда?

2020 йил 1 май ҳолатига кўра, республика бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар сони 1538,8 минг кишини ташкил этмоқда. Шундан, 864,9 минг киши давлат бюджетидан ижтимоий нафақа олади. Пандемия туфайли ишлай олмаётган аҳоли сони эса 341,3 минг кишини ташкил этади. Шунингдек, 2020 йил бошида 426,7 минг киши чет давлатлардан қайтиб келган фуқаролар бўлса, 143,4 минг киши ишлаш мақсадида чет элга қайтиб кета олмаган.

Нафақа оладиган уй хўжаликлари сони камида 10%га оширилиши ёки Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши таркибига киритилган нафақа олувчилар сони 596 мингдан 719 мингга кўпайиши кутилмоқда.

Март-июнь ойларида тўланиши тугайдиган кам таъминланган оилалар учун ижтимоий нафақалар муддати автоматик тарзда 6 ойга (ижтимоий нафақага қараб бола 2 ёки 14 ёшга тўлгунга қадар) узайтирилди (қўшимча $60 млн йўналтирилади). Бундан ташқари, ҳукумат оилавий нафақа олиш ҳуқуқини аниқлаш учун ариза бериш ва даромадларини текшириш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган ўзгаришларни тасдиқлади. 

Қўшимча ёрдам 10 трлн сўмлик Инқирозга қарши жамғарма орқали амалга оширилмоқда. Жамғарма томонидан тақдим этилаётган ижтимоий ёрдам инфекцияга нисбатан хавф остида бўлган ёки касалликни юқтириб олганлар билан алоқада бўлган шахсларни карантинда сақлаш харажатларини қоплашни ўз ичига олади.

Коронавирус пандемияси даврида вақтинча ишини йўқотган аҳолини иш билан таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, жамоатчилик ишлари жамғармаси маблағлари кўпайтирилди ($21 млн) ҳамда банд бўлмаган фуқароларни вақтинчалик жамоат ишларга (масалан, дезинфекция қилиш) жалб қилинмоқда. 2020 йил 1 май ҳолатига 47 мингга яқин киши йирик ишлаб чиқарувчи корхоналарга ишга жойлаштирилди. Шунингдек, 9869 киши мева-сабзавотчилик кластерларига ишга жалб қилинган бўлса, салкам 100 минг киши пахтачилик, ғаллачилик ва боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида даромад топмоқда.

Одатда касаллик варақаси ишчининг иш тажрибасидан келиб чиқиб иш ҳақининг 60-80% миқдорида тўланади. Ушбу кўрсаткич карантин даврида ҳамма учун бирдек иш ҳақининг 100%гача кўтарилди. Ишловчи ота-онага (иккисидан бирига) мактаблар ва болалар боғчалари ёпилганлиги сабабли иш ҳақи тўлиқ сақланган таътил берилди.

Шу билан бирга, ҳукумат томонидан аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга истеъмол товарлари учун ваучер ва купон тизимини жорий қилиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Бунинг учун бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда.

Хитой тажрибасига мурожаат этадиган бўлсак, апрель ойида Хитой аста-секин карантин қоидаларини юмшатишни бошлади ва одамларни одатий ҳаётга қайтишларига ва истеъмол учун яна пул сарфлашга ундамоқда. Бунинг учун Хитой ҳукумати чакана савдони тиклашни кучайтириш мақсадида истеъмол купонлари бера бошлади. Маҳаллий ҳукуматлар онлайн истеъмол купонларини тақдим этишмоқда. Ҳозирга қадар Хитойда 16 та вилоятнинг 50 га яқин шаҳарларида озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечак сотиб олиш, саёҳат ва дам олиш масканларида алмашиладиган ваучерлар тақдим этилди.

Масалан, Ханчжоу шаҳри ҳукумати беш босқичда электрон купонларни муомалага чиқарди. Сўнгги босқичда амал қилиш муддати 21 апрелдан бошлаб етти кун бўлган 1,5 млн ваучерлар оммага тақдим этилди. Хабарларга кўра, ҳозирга қадар Ханчжоу ҳукумати субсидиялар учун 320 млн юань сарфлаган ва ушбу субсидиялар истеъмолни 3,4 млрд юанга оширишга ёрдам берган.

Шунингдек, коронавирус тарқалишининг эпицентрида жойлашган Ухань шаҳри 19 апрелдан 31 майгача бўлган даврда ҳафталик ваучерлар тарқатишни мақсад қилиб қўйган.

Гуанчжоу ва Чангша каби шаҳарларда аҳолига машина сотиб олишга ёрдам бериш учун бир неча юз доллардан икки минг долларгача бўлган миқдорда купонлар тақдим этилмоқда. Статистик маълумотларга кўра, истеъмол купонларининг 80%дан кўпроғи озиқ-овқат саноати, 42,5% эса туризм соҳасига тегишли ҳисобланади.

Халилилло Хамидов, Президент Администрацияси ҳузуридаги иқтисодий етакчи илмий ходими

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
524 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить