Инсониятнинг «қоронғи» келажаги. Сайёрамиз аҳолиси нега ва қанчага қисқаради?

Вашингтон Университети ҳамда Соғлиқни Сақлашни Баҳолаш Кўрсаткичлари Институти аҳоли сонининг қисқараши ва демографик ҳалокатга олиб келиши мумкинлигини башорат қилди

ФОТО: cate_89 / shutterstock

АҚШнинг Вашингтон Университети ҳамда Соғлиқни Сақлашни Баҳолаш Кўрсаткичлари Институти (IHME) олимлари аср якунига келиб сайёрамизда аҳоли сони қисқара бошлашини ва бу демографик ҳалокатга олиб келиши мумкинлигини башорат қилишди. Инсониятнинг бундай «қоронғи» келажаги ҳақида Lancet журналида маълумотлар берилди.

Тадқиқотчиларнинг баҳолашларича, 2060 йилга келиб сайёрамиз аҳолиси сони яна 2 млрд кишига кўпаяди. Аммо орадан бир неча ўн йилликлар ўтгач туғилиш даражаси пасайиб боради, дунёнинг 20дан ортиқ давлатлари, жумладан, Италия ҳамда Япония каби мамлакатлар ўз аҳолисининг деярли ярмини йўқотишади. Гарчи бу атроф-муҳит учун ижобий таъсир кўрсатсада, аммо кекса ёшли инсонлар улушининг ортиши ва ёшлар нисбатининг камайиши иқтисодий муаммолар юзага келишига сабаб бўлади, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминотга жиддий зарба беради.

2064 йилга бориб дунё аҳолиси сони 9,7 млрд кишига етади, аммо 2100 йилда бу рақам 8,8 млрдга камаяди. Бу аввалги маълумотларга зид кўрсаткич, бундан олдинги башоратлар бўйича сайёрамизда 12,3 млрд киши истиқомат қилиши ва бу рақам қисқармаслиги келтирилган эди. Аммо янги башоратда тадқиқотчилар жипслик унумдорлигига асосланган такомиллашган моделдан фойдаланишди – бунда маълум ёш тоифасидаги (айни дамда бу 50 ёшгача) аёллар томонидан дунёга келтирилган болалар сони ҳисоблаб чиқилди.

Мисол учун, 1950 йилда бир аёлга ўртача 4,7 фарзанд тўғри келган бўлса, 2017 йилга келиб бу кўрсаткич икки баробарга – 2,4 тага қисқарди. Ушбу коэффициент 2,1 тадан камайса, аҳоли сони қисқара бошлайди, дея таъкидлашди тадқиқотчилар. Аммо 2100 йилда бу рақам 1,8 тани ташкил этади.   

Мазкур модел натижаларига кўра, Африка мамлакатларида туғилиш даражаси сезиларли равишда пасаяди. Мисол учун, ҳозирги кунда Саҳрои Кабирдан жануброқда бўлган мамлакатларда бир аёлга ўртача 4,7 туғилган бола тўғри келади. Хусусан, Нигерияда 2017 йилда бу кўрсаткич рекорд даражага етди – бир аёлга 7 янги туғилган чақалоқ. Японияда аҳоли сони 128 млн кишидан 60 млнгача камайиб боради. Хитойда эса 1 млрд кишидан камроқ даражага бориб етади. Жанубий Кореяда бу кўрсаткич 53дан 27 млнгача камаяди. Таиландда аҳоли 71 млндан 35 млнга, Испанияда 46дан 23 млнга, Италияда 61дан 31 млнга, Португалияда эса 11дан 5 млнга қисқаради. БМТнинг башоратига кўра, Россияда 2078 йилда аҳоли ҳозирги 145 млндан янада камайиб 99,7 млн кишига етади. Фақатгина Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида бу рақамлар ижобий томонга ўзгаради. Аҳоли сони ошиши айниқса тўққиз мамлакат – Ҳиндистон, Нигерия, Покистон, Конго ДР, Эфиопия, Танзания, Индонезия, Миср, АҚШ ва Эфиопияда рўй бериши тахмин қилинган.

80 ёшдан каттароқ бўлган кекса инсонлар сони олти мартага ошади. Бу эса соғлиқни сақлаш даражасини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча ресурсларни талаб қилади. Мақола муаллифларининг келтиришларича, 2050 йилга келиб Ер юзидаги ҳар олтинчи инсоннинг ёши 65 ва ундан ортиқни ташкил этади, бугунги кунда эса ҳар ўн биринчи кишида бу ёш кузатилмоқда. Шимолий Африка, Осиё ва Лотин Америкасининг баъзи мамлакатларида кекса инсонлар улуши яқин 30 йил ичида икки баробарга ошади. Бу эса ўз навбатида мазкур минтақалардаги мамлакатларда молиявий босим ҳам ортишига ва бу орқали соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва нафақалар тўловида қўшимча маблағлар жалб қилинишига олиб келади.

Демографларнинг ҳисоблашларича, 2100 йилга келиб туғилиш коэффициенти 195 та мамлакатдан 183 тасида аҳоли сони ўсиши учун етарли бўлмайди. Муаллифлар бу омилни бутун дунёда аёлларнинг таълим олиш даражаси ошиши, шунингдек, туғилиш сонини чекловчи воситаларининг кенг тарқалиши билан боғлашади. Айни дамда ўртача умр кўриш даражаси 1990 йилдаги 64,2 ёшдан 2050 йилдаги 77,1 ёшгача кўтарилади. Бироқ дунёнинг ночор мамлакатларида бу кўрсаткич аввалгидек паст даражада қолаверади. Учинчи дунё мамлакатларида туғилган ҳар бир фуқаронинг ўртача умр кўриш даражаси ривожланган давлатларда дунёга келган инсоннинг ҳаётидан 7 йил камроққа тенг рақамни ташкил этади. Бунга оналар ва болалар ўлимининг юқори даражаси, зўравонлик ва ОИТСнинг кенг тарқалиши асосий сабаб бўлади. Ушбу мамлакатлар ночорлик ҳамда очликка қарши курашишларига, тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим даражасини ошириш борасида анча ишларни бажаришларига тўғри келади. 

Айрим давлатлар учун бу инқироздан чиқишнинг йўлларидан бири - тўғри иммиграцион сиёсат ва кўп фарзандли оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимининг ишлаб чиқиши бўлиши мумкин. Шу билан бирга репродуктив саломатлик хизматларидан фойдаланишнинг чекланилиши ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин дея ёзади муаллиф.

 

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
184 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:
Об авторе:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить