Ҳар бири ёлғиз ўзи омон қолиши учун курашаяпти. Карантин нашриёт соҳасига қанчалик таъсир кўрсатди?

Юқори солиқлар, такомиллашмаган қонунчилик ва кичик бозор Ўзбекистонда китоб саноатининг тараққий этишига тўсқинлик қилаяпти

ФОТО: MikeDotta / shutterstock

Коронавирус туфайли Россия нашриётлари 6,8 млрд рубль йўқотишди ва йил якунигача энг ишончли башоратлар бўйича камида 15 млрд рубль миқдорида зарар кўришади. Асосий муаммолар – китоб дўконларининг ёпилиши ва давлат томонидан қўллаб-қувватланмаётанлиги, дея хабар бермоқда Forbes Россия нашри.

—Барча нашриётларнинг асосий муаммоси – тўловлар амалга оширилмаётган ва мажбуриятларни бажаришдан воз кечилаётан бир шароитда қандай қилиб омон қолишни тушуниб етишдан иборат, — дея вазиятни баҳолайди «Альпина» ноширлик гуруҳи бош директори Алексей Ильин. — Бунинг таъсир доираси онлайн-сотувлар, кредитлар мавжудлиги ва келажакка башоратлар билан белгиланади. Умумий муносабат шундайки, офлайн-савдо тўхтатилиб қўйилгандан кейин ҳам харидорлар дўконларга дарҳол қайтиб келишмайди. Натижада кўплаб савдо нуқталари ўз харажатларини қоплай олмайдиган бўлиб қолишади.

Forbes.uz хусусий нашриётлар раҳбарлари билан Ўзбекистон бозорида юзага келган вазият ҳақида суҳбатлашди. Нашр билан суҳбатда улар қўшимча қиймат солиғи тўловлари бўйича имтиёзлар йўқлиги, рақамли китоблар айланмасини назорат қилиши мумкин бўлган қонунчилик такомиллашмаганлиги ҳамда китоб дўконларининг ёпилишини таъкидлаб ўтишди.

«Ноширлик бизнеси ҳозирча даромадли эмас»

Йиллар давомида ҳукм сурган турғунликдан кейин Ўзбекистонда ноширлик ва китоб бозори сўнгги 3-4 йилда ривожланиш томон юз тута бошлаган эди, дея таъкидлади «Академнашр» нашриёт уйи директори Санжар Назаров:

Ҳар қандай заиф бозор сингари бизнинг соҳа ҳам имтиёзларга ўта таъсирчанлиги туфайли сўнгги йилларда ҳукумат томонидан кўрсатилган қўллаб-қувватлаш ўз ижобий таъсирини ўтказмасдан қолмади. Китоб номлари ва ададлари кўпая бошлади. Китоб дўконларининг сони ошди. Аммо вазият мукаммалликдан ҳали жуда олисда эди. Пандемиягача бизни қаттиқ хавотирга солаётган ҳолат - китоб нашри, матбааси ва савдоси учун ҚҚС имтиёзининг бекор қилиниши бўлиб турганди. Жорий йилнинг 1 апрелидан бу имтиёз бекор қилинди. 

Натижада китобнинг нархи 11-14%га ошди. Ўзбекистон аҳолисининг харид қуввати, тўлов қобилиятидан келиб чиқилса, бу соҳа учун жуда хавфли истиқболга сабаб бўлиб қолиши мумкин, деди Назаров.

— Чунки бизда китоб жуда арзон. Масалан, Туркия билан таққослаганда, бизда матбаа хизматлари ва қоғоз маҳсулотлари 50-100% қиммат бўлса, китобнинг савдодаги нархи камида 3-4 марта арзон. Бу ниманинг ҳисобига эканлиги – равшан. Албатта, ижодий ходимларнинг меҳнат ҳақлари, муаллифларнинг қалам ҳақлари ва нашриётнинг фойдаси ҳисобига. Яъни китоб учун зарур бўлган материаллар қиммат, меҳнат арзон. Китоб нархларининг 15% атрофида қимматлашуви нимани англатишини ҳис қилишингиз учун, Ўзбекистонда нашриётларнинг, тахминимча, 10-15% рентабеллик билан ишлашидан хабардор бўлишингиз кифоя қилса керак.

Карантин даврида китоблар сотуви тўлиқ тўхтатилди

ФОТО: Санжар Назаров

— Март ойида бир неча баробарга камайган китоб савдоси карантин даврида бутунлай тўхтади, - муаммоларни айтиб ўтди Санжар Назаров. – Карантин мобайнида китоблар устида ишлашни онлайн тарзда давом эттирдик, ходимларнинг маошларини тўлаб турдик. Бу ёғига карантин соҳанинг «ўлик мавсум»ига уланиб кетди. Ёз ойлари китоб савдоси тўхтайди. Ота-боболаримиздан қолган «илм ёзда музлайди» деган гап бор. Ёзда мутолаа ҳам музлайди, китоб савдоси ҳам. «Жўжаларни санаш учун кузгача етиб олишимиз керак» бу ёғига. Ҳозир бутун ўй-хаёлим фойда кўриш, ривожланиш эмас, нашриётни асраб қолиш фикри билан банд.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ноширлик фаолияти сердаромад соҳа эмас.

— Агар ватанпарвар, тараққийпарвар шахс бўлмасангиз, фақат фойда учун бу бозорда узоқ қола олмайсиз. Аммо ишни тўғри ташкиллаштира олсангиз, мақсадларни тўғри белгиласангиз, қора қозонингиз қайнаб туради, ҳар ҳолда. Турли халқаро анжуманларда хорижлик ҳамкасблар билан учрашганингизда фарқ яққол сезилиб қолади. Аслида ноширлик бой одамнинг иши ва катта бойлик ҳам келтириши мумкинлигига уларга қараб ишонч ҳосил қиламан.

Охирги пайтларда бизнес адабиёти ва рағбатлантирувчи, руҳлантирувчи адабиётлар жуда кўп нашр қилинаяпти ва демакки, уларга талаб ҳам кўп. Таржима адабиёт ҳам жуда севиб ўқилади. Миллий адабиётимизни ҳам китобхонлар яхши кўришади. Диний адабиёт ҳам жуда бозоргир ҳисобланади.

— Машҳур муаллифларни номма-ном санаб ўтирмаймиз. Чунки машҳур муаллиф ҳар доим ҳам яхши муаллиф  дегани эмас. Умуман, шахсан ўзим, гарчи ношир бўлсам-да, китобни ҳали-ҳануз оддий товар сифатида қабул қилолмайман. Катта пул олиб келадиган ҳар қандай асарни ҳам чоп этмаслигим аниқ.

Ҳамма йўналишларда, турли жанрларда ёзадиган ижодкорлар бор, дея эътироф этди Санжар Назаров.

— Масалан, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси ҳар йил 15-20 нафар ёш муаллифнинг адабий-бадиий йўналишдаги илк китобларини ўз ҳисобидан 20 000 ададда чоп этади. Нашриётлар ҳам муаллифлар учун курашни бошлаб юборишган. Бу борада адабий агентликларнинг мавжуд эмаслиги муаллиф ва ноширларни боғлайдиган бўғиннинг йўқлиги панд бериб турибди.

Муаммо кўпроқ мавжуд муаллифларнинг эътиборсиз қолишида эмас, потенциал муаллифларнинг кашф этилмай қолишида бўлса керак. 

— Биз «Академнашр»да кўпроқ илмий-оммабоп, болалар учун ривожлантирувчи адабиётларни нашр қилишга интиламиз ва бу борада муаллифларнинг тақчиллигини ҳис қиламиз. Мақсадимизга етиш учун чет эл нашриётлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз.

— Энг катта муаммо - китобнинг арзон эканлиги, тўғрироғи, кишиларимиз китоб учун муносиб ҳақ тўлашга қодир эмасликларида, - дея айтиб ўтди Санжар Назаров. — Бу ҳолат бартараф бўлиб, ноширлик фойдали бизнес турига айланиши биланоқ бозор қонунлари жуда кўп нарсаларни жой-жойига қўйган бўларди.

— Унгача, гарчи иқтисод илми нуқтаи назаридан носоғлом ҳолат бўлса-да, китоб давлатнинг ҳимоясида бўлиши, унга имтиёзлар берилиши керак.

Давлат томонидан ёрдам йўқ

— 2020 йилнинг бошида биз ноширларни ҳар томондан солиқлар билан боғлаб қўйишди – ноширлик фаолияти ва китоб савдоси учун 15% қўшимча қиймат солиғи, 15% даромад солиғи, муаллифлар гонорарига 20% солиқ, муҳаррирлар, илмий маслаҳатчилар, дизайнерлар, саҳифаловчиларнинг 20% даромад солиғи, — дея ҳозирги вазиятни баҳолади Asian Boоk House директори Виктория Чугай. — Конун 1 апрелдан кучга кирди, бу пайтда бутун оламни пандемия чулғаб олган эди ва у бутун соҳани жар ёқасига олиб келди.

ФОТО: Виктория Чугай

Тадбиркор бир неча ой давомида китоблар савдоси борасида статистик маълумотларни келтира олмаслигига урғу берди:

—Уларни эълон қилишмайди ва давлатнинг қайси ташкилоти Ўзбекистонда китоб нашриёти соҳасини назорат қилиш билан шуғулланиши номаълум. Бизнинг китоб бозоримиз бутун дунёдан ўнлаб йилларга ортда қолиб келаётганди, энди эса яна 5-7 йилга орқага кетди. Давлат томонидан ҳали амалий ёрдам йўқ, ҳозирча фақат ваъдалар. Ягона жиҳат — биз ҳозирги пайтда ярим йиллик кечиктириш туфайли солиқларни тўламаяпмиз, аммо ҳар қандай вазиятда уларни тўлашимизга тўғри келади.

Унинг фикрича, муаммо нашриётлар энг кўп зарар кўрган соҳалар қаторига киритилмаганлигида.

— Инқироз мамлакатимизга етиб келган жараёнларни тезлаштириши керак эди: савдонинг онлайн шаклга ўтиши, тарқатишнинг (аудио ва электрон китоблар) янги шакллари, ўз ичига дўконни танлаш, ададни олган олдинги китоб занжирининг узилиши, - деди Виктория Чугай. — Ўзбекистон электрон китоблар савдосига мутлақ тайёр эмас, бизнинг қонунчилигимизда бундай тушунчанинг ўзи йўқ ва бу бутун дунё дижитал тизимга ўтаётган пандемия шароитида кузатилаяпти!

Ноширнинг сўзларига кўра, мамлакатда рақамли ҳуқуқларнинг назорати ва ҳимояси бўйича қонун йўқ.

— Биз эртаси куниёқ барча «қароқчи» ресурсларда пайдо бўлиши эҳтимоли бор электрон китобларни чиқаришдан хавотирдамиз. Орадан уч-тўрт ой ўтиб қоғозли нусхасига эҳтиёж пайдо бўлишига ишончимиз йўк. Электрон савдоларнинг кескин ошишига қарамай умумий нашриёт айланмасида у кичик фоизни ташкил этади.

Унинг фикрича, башорат қувонарли эмас: нашр эттириладиган китоблар миқдори камаяди, махсулотлар нархи ошишда давом этади. Аҳоли даромадларининг камайиб кетиши натижасида китобларни инқирозгача бўлган даврга нисбатан янада камроқ сотиб олишади.

— Афсуски, соҳамиз жуда тарқоқ аҳволда, ҳар бири ёлғиз ўзи омон қолиши учун курашаяпти. Инқирознинг энг кўнгилсиз кўринишларидан бири - тўловларнинг амалга оширилмаслиги, кўплаб дистрибьюторлар ҳатто сотилган китоблар учун ҳисоб-китоб қилмаслиги. Йирик иштирокчилар нашриётлар учун эмас, фақат ўзлари учун қулай бўлган тўловлар тизимини амалга оширишни таклиф қилишади, — хулоса килди Виктория Чугай. — Тўловлар қисқариши ва тўхтаб қолиши сабабли босмахоналар ва ноширлик ишининг барча иштирокчилари зиён кўришади. Кўплаб кичик компаниялар ва китоб дўконлари молиявий пойдеворга эга эмас ва келажакда нашриёт бозори қисқариб боради. Нашриётлар давлат томонидан қўллаб-қувватланиши эҳтимоли йўқ, унга фақат йирик ва бадавлатлари эга бўлишади, биз мустақил нашриётлар ва дўконлар эса якка ҳолатда вазиятдан чиқиб кетишларига тўғри келади.

«Ўқувчилар электрон китоблар сотиб олишга кўникишмаган»

ФОТО: Фируз Аллаев

— Соҳанинг асосий муаммоларидан бири – пандемиягача ва ундан кейин бўлганидек китобларга бўлган талабнинг йўқлигида. Аҳолининг асосий қисми уни ўқишмайди ва сотиб олишмайди, - дея эътироф этди Asaxiy.uz интернет-дўкони ва Asaxiy Books лойиҳаси асосчиси ва бошлиғи Фируз Аллаев.Интернет ва Telegramда китобларнинг ноқонуний тарқатилиши – ўзбекистонлик ноширлар учун жиддий чақирув. Коронавирус авж олиши билан барча китоб дўконлари ёпилди ва бу нашриётлар ҳамда босмахоналарни зарба остига қўйди.

Дўконлар ёпилишига қарамай, бу нашриёт китобларининг интернет савдосига туртки берди.

— Онлайн-савдолар ҳажми ошди, — деди ишбилармон. — Карантин китоб саноати учун жиддий муаммога айланди ва бозор олдинги даражага қачон қайтиши номаълум.

Аллаевнинг фикрича, Ўзбекистонда ноширлик иши ўқиш маданияти савиясининг пастлигига қарамай ўзини оқлайди.

— Маркетингга кўпроқ пул сарфлаш лозим, инсонларни китоб ўқишга ўргатиш керак. Ўқувчилар сони ошиши билан китоб бозори ҳам такомиллашиб бораверади.

Тадбиркорнинг фикрича, бугунги кунда жаҳон ва болалар адабиёти бестселлерлари, бизнес ва психология бўйича китоблар яхши сотилаяпти. Замонавий ўзбек адабиёти ҳам ўз мухлисларига эга: детектив, мелодрама, оилавий ва турмуш муаммоларини кўтарадиган адабиёт, улар орасида катта аудиторияга эга бир қатор муаллифлар ҳам бор.

— Аксарият ўзбекистонликлар ҳали электрон китобларни сотиб олишга кўникишмаган, уларнинг фикрича, бу бепул бўлиши лозим. Бу ерда уларни ноқонуний тарқатаётган Telegram-каналларнинг айби бор, — вазиятга ойдинлик киритди Аллаев. — Биз рақамли китобларни сотишга мўлжалланган Asaxiy Books мобил қурилмасини яратдик ва бугунги кунда фойдаланувчилар сони 40000 тага етди. Бироқ Ўзбекистонда рақамли китоблар бозори ҳали ривожланишга эҳтиёж сезмоқда.

«Қоғозли китоб ўз ўрнини йўқотмайди»

Электрон китоблар бозори ривожланаётганига қарамай, Санжар Назаров келажакка ишонч билан боқаяпти ва қоғозли нашрлар бугунги кунда ҳам ўз муҳимлигини йўқотмайди, деган фикрда.

— Мен бу савол дунё миқёсида ҳам долзарблигини йўқотди деб ўйлайман. Мумтоз китоб яшаб қола билди. Ривожланган, бизга нисбатан анчагина рақамлашган дунёда ҳам қоғоз китоб ўз мавқеини буткул бой бермади. Электрон китоб савдоси билан шуғулланаётган ҳамкасбларнинг айтишларича, ҳатто китобнинг электрон шаклини ўқиб бўлган китобхонларнинг маълум бир қисми ҳам унинг мумтоз, қоғоз вариантини харид қилишар экан. Ёшидан қатъий назар, умуман электрон китоб ўқий олмайдиганлар ҳам кам эмас. Китоб фақат ахборот, билим, фантазия ташувчи восита бўлиб қолмасдан эстетика ва завқ тақдим этгувчи манба ҳамдир. Тўғри танланган муқова, қоғоз, хат тури ва ранглар китобни санъат асарига айлантиради, менимча, — дейди ношир. — Аммо сиз буни бир библиофилнинг хомхаёли деб баҳоласангиз ҳам, тўла ҳақлисиз.

Электрон ва аудио китоблар бозори анча ривожланиб қолди дейиш мумкин. Пандемия ҳам бу вазиятга ижобий таъсир қилди. Аммо бизда электрон китобларни нашр этиш қонунчилик билан тартибга солинмаганлиги жиддий муаммо бўлиб турибди.

Муаллифлик ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаганлиги, бу борадаги қонунлар ишламаслиги ҳам жиддий муаммо. Йиллар давомида бозоргир китобларнинг қалбаки нусхаларини чоп этишни чеклашнинг имкони топилмаяпти. Ҳозирда бу жуда кенг тарқалган, - дея таъкидлади Санжар Назаров.

—  Муаллифлар учун яхши ноширлар, ноширлар учун яхши муаллифлар топадиган воситачи бўғин — тармоқ шаклланиши, соҳа ривожи учун муҳим. Бу дунё тажрибасида ўз исботини топиб бўлган. Асосийси, китобсиз, мутолаасиз тараққиёт йўқлигини ҳукумат ҳам, ота-оналар ҳам бирдек англаб етиши зарур. Бу ноширлик иши тараққиётининг бошланғич нуқтасидир.

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
1017 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:
Об авторе:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить