Марказий банкнинг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди

Брифинг якунлари: Марказий банкнинг асосий ставка қарори ва карантин давридаги ҳолат

Мамаризо Нурмуротов
ФОТО: Халкаро пресс-клуб
Мамаризо Нурмуротов

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдан ташқари йиғилиши якунлари ва унда қабул қилинган қарор юзасидан онлайн брифинг ўтказилди. Унда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов, Молия вазири Тимур Ишметов, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров иштирок этиб, коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган инқироз ва оширилган асосий ставкаларга изоҳ беришди.

Марказий банкнинг 2020 йил 14 апрелдаги қарори билан асосий ставка 1% бандга пасайтирилиб, йиллик 15% даражасида белгиланиши ташқи ва ички талабнинг қисқариши шароитида иқтисодий фаолликнинг секинлашуви ҳисобига бўлиб, инфляция прогнозларини пасайиш томонга қайта кўриб чиқилганлиги билан изоҳланди. Иқтисодиётдаги жорий ва кутилаётган шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляциянинг янгиланган прогноз кўрсаткичларига асосан 2020 йил охирига инфляция 11-12,5% атрофида бўлиши кутилмоқда ва бу қуйидагилар билан изоҳланди.

Биринчи навбатда, ташқи ва ички иқтисодий фаолликнинг пасайиши аҳолининг даромадларига ўз таъсирини кўрсатиб, истеъмол саватидаги аксарият бирламчи зарурий маҳсулотлар гуруҳига кирмайдиган товар ва хизматларга бўлган талабнинг сезиларли қисқаришига олиб келади.

Иккинчидан, бир қатор асосий истеъмол товарлар ва уларнинг хомашёлари импортига 2020 йил 31 декабрига қадар божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланди, бу карантин даврида талаб юқори бўлган товарлар нархларининг ўсишини олдини олади.

Учинчидан, жаҳон бозорларида энергия ресурслари нархларининг пасайиши ҳисобига нархларнинг эркинлаштирилиши ислоҳоти доирасида жорий йилда кўзланган энергия ресурслари нархлари оширилишининг навбатдаги босқичи кечиктирилиши ёки ички нархларни оширмаган ҳолда эркинлаштирилиши натижасида ушбу омиллар 2020 йилда инфляция учун оширувчи хусусият касб этмайди.

Тўртинчидан, карантин шароитида маълум бир озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур истеъмол товарлари нархларида кузатилаётган ўсиш динамикаси вақтинчалик бўлиб, келгуси ойлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари янги ҳосилининг чиқиши ҳамда Ҳукуматнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга ошираётган чора-тадбирлари натижасида бозорларнинг ушбу товарлар билан тўйиниши улар нархларларининг барқарорлашишига хизмат қилади.

Шунингдек, инфляцияни пасайтирувчи мазкур омиллар, ўз навбатида, миллий валюта девальвациясининг ички нархларга салбий таъсирини юмшатиш имконини беради.

6 ой давомида кредитлар бўйича қарзлар йиғилиб қолмайди.

ФОТО: Uzreport

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов кредитларнинг тўлов муддати узайтирилиши бўйича ҳам изоҳ бериб ўтди. Унга кўра:

- Кредитларга берилган таътил натижасида кредитларнинг якуний тўлов муддати ҳам узайтирилади. Бунда, кредитнинг охирги муддати 2022 йил 1 январь бўлса, таътил берилиши оқибатида охирги муддати автоматик 2022 йил 1 июлгача узайтирилади.

- Тадбиркорлар ҳамда жисмоний шахслар 1 октябрдан бошлаб, аввал қандай тўлаган бўлса, шундай тўлашда давом этишади. Шунингдек, 6 ой давомида кредитлар бўйича қарзлар йиғилиб қолмайди. Агар кредит шартномаси шартларида кредит фоизи Марказий банк қайта молиялаш ставкасига боғлаб қўйилган бўлса, автоматик равишда ўша кредитлар устамаси ҳам пасаяди.

Молия вазири Тимур Ишметов бюджет тақчиллигига тўхталиб ўтди.

«Янгиланган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бюджет тақчиллиги йил бошидаги прогнозларга қўшимча яна 2% бандга ошиши кутилаяпти. Йил бошида ялпи бюджет тақчиллиги прогнозлари ЯИМга нисбатан 2,7% эди. Бу дастлабки прогнозлар.

Ҳукумат тарозининг палласида доимо одамлар соғлиғини биринчи ўринга қўяди. Агар истиқболда қандайдир қўшимча харажатлар пайдо бўлса, улар зудлик билан қопланади, шу сабабли бюджет тақчиллиги яна ошиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Лекин бундан хавотир олишга асос йўқ. Бизда етарлича фискаль буферлар бор» - таъкидлади Молия вазири.

Барча бюджет ташкилотлари ходимларининг ойликларини бериш давом эттирилади

«Молия вазирлиги олдида турган вазифалардан бири, барча бюджет ташкилотларининг ойлигини беришни давом эттириш. Бу ерда албатта биринчи навбатда болалар боғчаси, мактабларга эътибор қаратилади. Уларнинг ҳаммасини ёпганлигимиз учун, ўқитувчи ва тарбиячилар ойлигини ўз вақтида олишига қаратилган йўналишларда иш олиб борамиз», - деди Тимур Ишметов.

Тадбиркорларга шахсий автомашиналарини бошқариш учун енгилликлар берилади

Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

«Кечадан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида юк автомобилларига бўлган чекловлар тўлиқ олиб ташланди. Энди 1-2 кунда тадбиркорларимиз кўплаб мурожаатлар билан чиқишмоқдаки, уларнинг машинаси шахсий. Шахсий машиналарга эса рухсат йўқ, фақат ташкилот автомобилларига стикер берилмоқда. Шу нуқтаи назардан, ҳозир бу бўйича ҳам 1-2 кун ичида Бош вазиримиз раҳбарликларидаги комиссиянинг қарори чиқади, буни ҳам енгиллаштирамиз», - дея таъкидлади Жамшид Қўчқоров.

 

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
1180 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:
Об авторе:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить