Хориж инвестициялари ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,6 баробарга ошди

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 2020 йилнинг январь – апрель ойларида сармоялар бўйича ўз фаолиятини сарҳисоб қилди. Ўтган йилнинг шу пайтига нисбатан ўзлаштирилган хорижий сармояларнинг умумий ҳажми 1,6 баробарга ошган

ФОТО: Баходир Саидов / Forbes Uzbekistan

Январдан апрель ойига қадар ўзлаштирилган чет эл инвестициялари миқдори $2,5 млрдни ташкил этган. Шу жумладан, тўғридан-тўғри киритилган хориж сармоялари $1,7 млрд ҳамда чет эл кредитлари $831 млнга тенг бўлган. Бу 2019 йилга нисбатан ўсиш суръати 1,6 баробарга кўпайганидан далолат беради. Умумий инвестициялар ҳажмидан тўғридан-тўғри ўзлаштирилган сармоя улуши 26%га ошган.

2020 йилнинг дастлабки тўрт ойи давомида 336 та лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилган: 8 йирик ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда 328 ҳудудий саноат иншоотлари. Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган инвестициялар бўйича Россия, Хитой, Германия ва Жанубий Корея етакчи мамлакатлар бўлишди. Давлатимиз иқтисодиётига сармоя киритган инвестор мамлакатларнинг умумий сони 37 тани ташкил этди.

Сармоядорлар эътиборини энг кўп жалб этган соҳа - электротехника саноати бўлди. Бу соҳага 2019 йилнинг шу даврига нисбатан киритилган сармоя 24 баробарга ошди. Кимё саноатида ушбу кўрсаткич 13 баробарни, чарм-пойабзал саноатида 2,5 баробарни ташкил этди. Нефть-газ саноатида бу рақам 2,3 маротаба ошганлигини кўрсатса, қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши эса 1,6 мартага кўпайган.

Ҳудудий лойиҳалар учун мўлжалланган тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ва кредитларнинг оқими ҳам кўпайиб бормоқда. Уларнинг умумий қиймати жорий йилнинг ушбу даврида $958 млнни ташкил этган ёки ўтган йилнинг шу даври билан таққосланганда 2,6 мартага ошган. Ҳудудлар миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, айниқса Жиззах вилоятида (13 марта), Наманган вилоятида (9,4 марта) ва Сурхондарё вилоятида (4,2 марта) ўсиш динамикаси энг юқори эканлиги кўзга ташланади.

Вазирликда маълумот беришларича, 2020 йилнинг 9 январида мамлакатимиз Президентининг фармонига кўра, янги инвестицион дастур жорий этилганди. Унга кўра, 2020 йилда ўзлаштирилган сармояларнинг асосий капиталга айланиши 233,2 трлн сўмга тенг миқдорда бўлиши башорат қилинди. Унинг $7,1 млрд қисми тўғридан-тўғри сармоялар, $2,7 млрд эса давлат кафолатига олинган хорижий инвестициялар ва кредитлар ташкил этди.

Йил якунига қадар 2 мингдан ортиқ ижтимоий, инфратузилма ва ишлаб чиқариш мақсадидаги иншоотларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Уларнинг 206 таси янги йирик ишлаб чиқариш корхоналари, 240 таси ҳудудий ишлаб чиқариш иншоотлари, 1,6 мингтаси эса жамоат ва инфратузилма иншоотлари ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги расмий сайти маълумотларидан фойдаланилди

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
365 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:
Об авторе:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить