Коронавирус Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларга қанчалик таъсир ўтказди?

Хитой пандемияга қадар мамлакатимизнинг асосий савдо ҳамкори бўлиб, узоқ хориж мамлакатлари орасида Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони борасида етакчилик қилаётган эди

ФОТО: 坤 张 / Pixabay

Forbes.uz аввал ёзганидек, январь–апрель ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси $10,823 млрдни ташкил этди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан $1,297 млрдга камроқ. Экспорт ҳажми — $4,416 млрд (ўтган йилга нисбатан 10,6%га камроқ), импорт — $6,406 млрдга (ўтган йилгидан 10,8% камроқ) тенг.

Россия (умумий савдо айланмаси — $1,803 млрд) Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорига айланди ва Хитойни ($1,797 млрд) иккинчи ўринга сурди. Тўрт ой якунига кўра Ўзбекистон савдо айланмасининг 16,6% Хитойга тўғри келди.

Шу билан бирга Хитой импорт ҳажми бўйича ҳамон етакчилик қилмоқда: Ўзбекистон бу мамлакатдан амалга оширган импорт миқдори $1,287 млнни ташкил этган, Россия бўйича бу рақам — $1,278 млнга тенг. Умуман, Хитой билан савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига ($2,306 млрд) нисбатан $500 млнга камайган.

Коронавирус пандемиясининг таъсирини икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларининг алоҳида жиҳатлари мисолида кузатиш мумкин, дея ёзади «Тараққиёт стратегияси» Маркази бўлим бошлиғи Шуҳрат Эргашев.

Муҳим йўналишлардан бири – бу ёқилғи-энергетика соҳаси. Хитой компаниялари Ўзбекистон углеводород конларини ўрганиш ва ўзлаштириш жараёнида фаол иштирок этишмоқда. Бундан ташқари ХХР Ўзбекистон табиий газининг ҳам асосий истеъмолчиларидан бири ҳисобланади. «Ўзбекнефтегаз» АБ маълумотлари бўйича, Хитойга газ етказиб бериш йиллик кўрсаткичи деярли 10 млрд кубметрга тенг.   

Хитойнинг PetroChina нефтгаз компанияси март ойида Ўзбекистон энергетика Вазирлигига коронавирус карантини сабабли табиий газ импортини қисқартириш эҳтимоли борлиги борасида маълум қилди. Бунга кўплаб корхоналар чекланган тартибда ишлай бошлаганлиги ва ҳатто ишни тўхтатишганлиги сабаб бўлган. Айни дамда ХХРга газ етказиб бериш қисқариши ва чекловларнинг тахминий муддати келтирилмаган.  

Хитойга углеводород хом ашёси экспортининг қисқартирилиши Ўзбекистон экспорт қиладиган табиий газ ҳажмининг умумий камайишига олиб келади. Кузатувчиларнинг фикрига кўра, газ таъминоти камайишининг қисқа муддатли истиқболларига бардош бериш мумкин, бироқ узоқ давомийлиси Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатишига олиб келади.

Бундан ташқари, пандемия сайёҳлик соҳасига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Ўзбекистонда хорижий сайёҳлар оқими пасайиши ҳам қайд этилган. Мамлакатимизга чет элдан туризм мақсадида ташриф буюрган сайёҳлар сони I кварталда 1,2 млн кишини ташкил этди. 2019 йилнинг шу даврига нисбатан ушбу кўрсаткич 12%га камайган.

Пандемия шароитида Ўзбекистон хитойлик сайёҳларнинг ҳам бир қисмини йўқотди – дастлабки коронавирус ҳолати қайд этилиб, чегаралар ёпилган 15 март санасига қадар Сайёҳлик давлат қўмитаси туроператорлар ва турагентларга Хитой Республикасига эпидемиологик вазият барқарорлашувигача сайёҳлик турларини сотишни тўхтатиб туришни тавсия этди.

Умумий ҳисобда биринчи квартал якунлари бўйича Хитойдан жами 3700 киши келган, бу юртимизга ташриф буюрган умумий сайёҳларнинг 0,3%га тенг. Ваҳоланки, 2019 йилда Давлат статистика қўмитаси маълумотлари бўйича узоқ хориж давлатларидан Ўзбекистонга энг кўп сайёҳ Хитойдан ташриф буюрган – 61,9 минг киши.

Мамлакатимизга истеъмол товарлари ва эҳтиёт қисмларининг асосий етказиб берувчиси Хитой эканлигини ҳисобга олсак, мамлакатлар орасида транспорт қатнови чекловлари ушбу соҳаларга салбий таъсир ўтказиши мумкин.

Хитой COVID-19 тарқалишининг олдини олишга муваффақ бўлди, шу сабабдан мамлакат ҳукумати инқирознинг иқтисодий оқибатларини бартараф этишга қаратилган ишларни фаол олиб бораяпти. Шу билан биргаликда Хитой пандемиядан жабр кўрган бошқа мамлакатларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Хитой Республикасида ишлаб чиқариш қувватларини тобора ошириш доирасида углеводород хом ашёси, истеъмол товарлари, хизмат кўрсатишга талаб тикланиб бормоқда. Икки мамлакат ҳамкорлиги учун пандемия оқибатлари мазкур касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларнинг давомийлиги ва самарадорлиги ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги транспорт қатновининг тўлиқ тикланишига боғлиқ.

 

: Если вы обнаружили ошибку или опечатку, выделите фрагмент текста с ошибкой и нажмите CTRL+Enter
430 просмотров
Поделиться этой публикацией в соцсетях:
Об авторе:

Орфографическая ошибка в тексте:

Отмена Отправить